Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрига ташрифи доирасида АҚШнинг энг йирик Citigroup молиявий корпорацияси раиси Жон Дуганни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Давлат раҳбари Ўзбекистон банклари ва давлат корхоналари облигацияларининг халқаро фонд бозорларида муваффақиятли жойлаштирилишига кўмаклашган корпорация билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини қайд этди.

Шавкат Мирзиёев Citigroup`нинг Ўзбекистонда Citibank шўъба банки офисини очиш бўйича режаларини қўллаб-қувватлади.

citibank

Учрашувда банк-молия соҳасини ривожлантириш, фонд бозоридаги қимматли қоғозлар жозибадорлиги ва ликвидлигини ошириш учун самарали воситаларни жорий этиш, Ўзбекистон капитал бозорига хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, учрашувда АҚШ корпорацияси билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таъсирчан механизмлар ва аниқ ижро муддатларини кўрсатган ҳолда «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинган.