«Ҳеч қачон карнавалда бўлмаганмисан? Албатта бор! Бу жуда ажойиб: мусиқа янграйди, турли масхарабозлар чопиб юради, чироқлар ёқилади. Ўша ерда оломон ичида юрасан ва ҳатто қаттиқ хафа бўлган тақдирингда ҳам табассум қиласан», — Элёр Эшмуҳамедовнинг «Назокат» филми қаҳрамони, Ленага ошиқ Темур уни севиб қолган Маъмурага тошкентликларнинг анъанавий сентябрь байрамини шундай таърифлайди.

«[Фильмни] томоша қилсам йиғлайман — энди Лена ўлгани учун эмас, балки ёшлигим ўтмишда қолгани учун», — дея ўз хотиралари билан бўлишади тошкентлик Тамила Исянова.

83 ёшли Маҳфуза Ҳамидованинг хотирлашича, Ёшлар карнавали сентябрь ойининг биринчи ёки иккинчи дам олиш кунлари ўтказилган. Тантанани республиканинг Марказий истироҳат боғи (ҳозирги Ўзбекистон Миллий боғи)да комсомолчилар (ёшларнинг коммунистик иттифоқи аъзолари) уюштирган. Байрам кеч соат 6−7 да — шаҳарни ғира-шира қоплаган, боғда эса чироқлар ёқилган пайти бошланган.

ёшлар карнавали

Фото: Ўзбекистон кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви.

«Қизиғи шундаки, карнавалларни халқ хўжалиги, политехника институтларининг собиқ талабалари, консерваториянинг собиқ тингловчилари эслайди, — дейди журналист Бахтиёр Насимов. — Тошкентда эса у ҳақда мутлақо ҳеч нарса билмайдиган авлод вояга етди. Ахир карнавал, оҳо, қандай ажойиб воқеа эди! Майли, умумжаҳон ёки сайёра миқёсидаги бўлмасин, лекин, эҳтимол республика ва шаҳар миқёсида — шубҳасиз, катта воқеа эди».

Карнавалнинг яқинлашиб келаётган санаси ҳақидаги эълонлар шаҳарда байрамдан анча олдин пайдо бўларди. Истироҳат боғи дарвозалари ёрқин плакатлар билан безатилган, газеталарда эълонлар босилган.

ёшлар карнавали

Элёр Эшмуҳамедовнинг «Назокат» филмидан лавҳа.

Карнавал махсус либослар тадбири эди — шунинг учун ҳам уни интиқлик билан кутишган. Қатнашчилар кийган либослар оддий, ниқоблар қоғоздан кесиб олинарди — ахир деярли ҳеч кимда пул бўлмаган. Маҳфуза Ҳамидова — 1959 йилда 17 ёшли 10-синф ўқувчиси — илк карнавалига мактаб формасида чиққан.

«Ўша пайтда [карнавал учун махсус] либослар кам, асосан янги йил ёки эртак қаҳрамонлари кўринишлари бўларди. Аммо ниқоблар байрамнинг асосий атрибути эди. Улар картондан кесиб олинган ёки тўғридан-тўғри юзга чизилган. Ижодкор йигитлар пардоз қилишарди: кўпинча қизартирилган ёноқлар, мушук мўйловлари, қуён тишлари ва кулгили қиёфаларни чизишарди», — ҳикоя қилади Маҳфуза Ҳамидова.

Бахтиёр Насимов папье-маше — толали материаллар (қоғоз, картон) ва ёпишқоқ воситалар (крахмал, гипс) аралашмасидан тайёрланган карнавал ниқобларини: уларнинг ҳиди, ички юзасининг силлиқ текстураси, кўзлар учун дум-думалоқ тешиклари эслайди. Бошқа, классик, резинкали ниқоблар ҳам бўлган.

ёшлар карнавали

Фото: Ўзбекистон кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви.

Бахтиёр Насимовнинг ҳикоя қилишича, карнавалга кириш пуллик бўлган.

«Бироқ маҳаллий тўда атайин чипта сотиб олмасди ва кўлга барча мумкин бўлган ва имконсиз усуллар билан кириб оларди, — хотирлайди журналист. — Энг оммалашгани — дарё бўйлаб жойлашган қувурлар орқали. Ҳозирги кунда Magic Cinema’дан чиққан исталган одамнинг бу дарёга кўзи тушади. Ўша пайтда у ўралган эди, ўт босган қирғоқлари лой, шу қадар чуқур жойлари бор эдики, болалар дарахтлардан шўнғиб, бошларини уриб оларди. Карнавал олдидан кўл маъмурияти қувурларга эҳтиёткорлик билан мой суриб чиқарди, гўё мой бизни тўхтатиб қола оладигандек».

ёшлар карнавали

Фото: Ўзбекистон кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви.

Болалар карнавалга олдиндан тайёргарлик кўраркан, «ўттиз уч болалик завқи учун» оз-моз ақча жамғаришга ҳаракат қилган, дейди Бахтиёр Насимов.

«Карнавал учун минимал дастур шундай эди: пақилдоқ (бенгал чироқчалари) ёқиб, уни силкитганча учқунларини сачратиб югуриш, музқаймоқ ва ширин пахта ейиш, тирда ўқ отиш, кийик шохларидан тутганча каруселда учиш ва эшкакли қайиқда бепул сайр қилишнинг йўлини топиш».

Тошкентлик Карим Насимов ҳар қадамда учраган палов ва донаси бир ярим сўмлик (ўша пайтда жуда катта пул) катта Кавказ кабоблари, устида гилос ёки ширин сироп қуйилган мазали музқаймоқ, «Дюшес» ва «Буратино» лимонадларини эслайди.

«Йигитлар билан маза қилиб сайр қилардик, — дейди у. — Ҳамма жойда эстрада санъаткорларининг ранг-баранг чиқишлари бўларди, «раковина»да пуфлаб чалинадиган чолғулар оркестри куй чаларди. Раковина шаклидаги қалпоқли саҳнаси бўлган ёзги санъат саройини шундай атардик … Кўл бўйлаб «Дружба» теплоходи, йирик катер, кичик моторли ва ёғоч эшкакли қайиқлар сузиб юрарди».

ёшлар карнавали

Фото: Ўзбекистон кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви.

«Аравада сотиладиган лимонадлар 1 тийиндан — бир стакан газланган сувга бир қошиқ сироп, мураббо солинган пироглар 5 тийиндан ва устига кўкнор (мак) сепилган булочкалар, шакарли „тиллар“ ва пряниклар — 10−15 тийиндан», — дея санаб ўтади Маҳфуза Ҳамидова.

«Яна, ярадор комсомолчининг баҳайбат ҳайкалидан „сузиб“ чиққан, пуфлаб чалинадиган чолғулар оркестри куй чаладиган катта саҳна ҳам бор эди», — дея хотирлайди Холмат ва Қўчқор Ахмурзаевлар.

Концерт дастури пионерлар ва комсомолчиларнинг чиқишларидан иборат бўлган. Улар рақслар тайёрлашган, шеърлар ўқишган ва саҳна кўринишлари намойиш этишган. Маҳфуза Ҳамидова Болалар қўғирчоқ театри спектаклларини, Пионерлар саройи болалар хорининг қўшиқларини эслайди. Хор ватан, компартия ва Ленин ҳақида қўшиқлар куйлаган.

ёшлар карнавали

Фото: Ўзбекистон кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви.

Шунингдек, карнавал мусобақа ва ўйинларсиз ўтмаган. Тошкентликлар саватга тўп ташлашган, тўп билан кеглларни уриб йиқитишган (боулинг), «Мушук-сичқон», «Оқ теракми, кўк терак», «Қўзичоқ ва эчкичалар», «Кўз бойлоғич» ўйнашган. Ғолибларга китоблар ва ўқув қуроллари топширилган. Маҳфуза Ҳамидова ўзининг илк карнавалида, кейинчалик мактабда узоқ вақт мақтаниб юрган, альбом ва рангли қаламлар тўпламини қўлга киритган.

Ёзги кинотеатрда худди бошқа пайтлардагидек фильмлар намойиш қилинган. Чиптасиз томошабинлар кинотеатр яқинидаги дарахтларнинг қалин шохларига чиқиб олиб, оёқларини ерга осилтирган ҳолда фильм томоша қилишни яхши кўрган. Истироҳат боғи ҳудудида ёзги «Яшил театр» бўлган. У нисбатан яқинда — Бахтиёр Насимовнинг хотираларига кўра, 2010 йил 8 майда бузиб ташланган.

Комсомол кўли яқинида очиқ амфитеатр бўлган, у ерда миллий цирк артистлари чиқиш қилишган. Оқ яктак устидан қийиқча боғлаган, этик кийиб, бошига дўппи қўндирган дорбозлар арқонда фавқулодда ҳавфли сакраб, ўйинлар кўрсатган.

ёшлар карнавали

Фото: Ўзбекистон кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви.

«Полвон баҳодирлар бир-бирига боғланган икки пудли тошларни ердан тишлари билан кўтариб оларди. Паҳлавон йигитлар тошларда [ҳавода ўйнатиб] жонглёрлик қиларди, баланд овозда тер босган елкаларига қоқиб қўярди. Ажойиб масхарабоз Акрам Юсупов ва унинг „Иш-421“ эшагини карнавалда аниқ кўрганман: тўрт туёқли, иккита қулоқли ва битта думли эшак», — дейди Бахтиёр Насимов.

ёшлар карнавали

Иллюстратив сурат. Манба: Ўзбекистон кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви.

Ёшлар карнавалининг асосий воқеаси, шубҳасиз, байрам мушакбозлиги эди. Ҳали бола бўлган Бахтиёр Насимов дўстлари билан мушакбозликни мушак отаётган ҳарбий хизматчиларга имкон қадар яқиндан туриб кузатишга ҳаракат қилган.

«Ҳар зарбадан сўнг, ёниб улгурмаган бўлаклар, шунингдек, қизил, яшил ва сариқ рангли металл доиралар жаранглаб ерга тушарди, биз уларни йиғиб олардик».

Карнавал ярим тунгача давом этган. Маҳфуза Ҳамидова марказий хиёбондаги майдончада рақс тушишни қанчалик яхши кўрганини, истироҳат боғидан узоқда яшовчи шаҳарлик сифатида шаҳардаги ягона транспорт — трамвайга улгуришга ҳаракат қилганини эслайди. Трамвай тошкентликларни тунги соат биргача ташиган. Бироқ, кўпчилик уйига пиёда қайтган. Шаҳар кўчалари қўшиқ куйлаётган оломоннинг бир-бирини босиб кетаётган қувноқ овозига тўлиб кетган. Одамлар уйга чарчаб, хуш кайфиятда қайтган.

ёшлар карнавали

Ёшлар карнавали тошкентликларнинг турли авлодлари учун турлича маънога эга бўлган. Уруш ва урушдан кейинги даврдаги турмушдан чарчаган кекса шаҳарликлар байрамда дам олиш имконига эга бўлган. Байрам одамлар ўйин-кулгини унутган ва шаҳарларда кўнгилочар ҳеч нарса қолмаган уруш давридан кескин фарқ қиларди.

Карнавалга ҳали бола пайтида ташриф буюрган Бахтиёр Насимов учун байрам ёз ва ёзги таътил билан ёрқин хайрлашув эди, ундан сўнг мактабда узоқ куз ва қиш соатлари бошланган.

Материал устида Фарзона Хамидова, Виктория Абдураҳимова ва Жаҳонгир Азимов ишлади.