Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (Organisation for Economic Co-operation and Development) 2023 ва 2024 йилларда жаҳон ялпи ички маҳсулот ўсиши ўртача даражадан паст, мос равишда 3 фоиз ҳамда 2,7 фоиз бўлишини прогноз қилмоқда. Бу ҳақда ташкилотнинг янги ҳисоботида айтилади.

«Энергия нархларининг пасайиши ва Хитойнинг „очилиши“ таъсирида 2023 йилнинг кутилганидан кучлироқ бошланишидан сўнг глобал ўсиш секинлашиши кутилмоқда. Пул-кредит сиёсати кескинлашувининг таъсири борган сари сезиларли тус олмоқда, бизнес ва истеъмолчилар ишончи пасайди, Хитойнинг иқтисодий тикланиши эса боши берк кўчага кириб қолди», — дейилади ҳисоботда.

ИҲРТ жорий ва кейинги йилда инфляция аста-секин пасайишини, бироқ аксарият мамлакатларда марказий банкларнинг мақсадли кўрсаткичларидан юқорироқ бўлиб қолишини кутмоқда.

«Фоиз ставкалари бундан кейин кўтарилмаган тақдирда ҳам, аввалги кўтаришларнинг таъсири бир мунча вақт иқтисодиётда акс этишда давом этади, чунки мавжуд ипотека кредитлари бўйича ставкалар корректировка қилинади ёки корпоратив кредитлар муддати узайтирилади», — дейилади ҳисоботда.

Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, АҚШ ялпи ички маҳсулотининг ўсиши 2023 йилда 2,2 фоизга, 2024 йилда эса 1,3 фоизга секинлашиши кутилмоқда.

Еврозонада ўсиш 2024 йилда 2023 йилдаги 0,6 фоиздан 1,1 фоизгача тезлашиши кутилмоқда, бироқ иккала кўрсаткич ҳам олдинги прогнозлардан пастроқ, чунки Европа Иттифоқининг энг йирик иқтисодиёти Германия қийинчиликларга учрамоқда.

Хитойнинг иқтисодий ўсишини заиф ички талаб ва мулк бозорларидаги «таркибий стресслар» чеклайди. ИҲРТ Хитой ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръати 2023 йилда 5,1 фоизгача, 2024 йилда эса 4,6 фоизгача пасайишини прогноз қилмоқда.