Ўзбекистонда Аризона давлат университети (АҚШ) билан ҳамкорликда Америка технология университетини очиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 18 сентябрь куни Нью-Йоркда Cintana таълим компанияси асосчиси ва раиси Дуглас Беккер билан учрашувида сўз юритилди.

Cintana Аризона давлат университети билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, дунёнинг 30 мамлакатида фаолият юритади, университетларда таълим сифатини ошириш билан шуғулланади.

Янги ОТМда 2024 йилдан бошлаб соғлиқни сақлаш, инжиниринг, архитектура ва дизайн каби йўналишларда кадрлар тайёрлашни бошлаш кўзда тутилган.

«Давлатимиз раҳбари ушбу режаларни маъқуллаб, Ўзбекистон таълим соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шароитлар яратишга тайёрлигини билдирди», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.