Президентнинг 14 сентябрдаги қарори билан 2024 йилдан оилавий тадбиркорлик дастурлари бўйича кредитлар Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоиз банд юқори ставкада ажратилиши белгиланди.

Кредитлар 3 йилгача муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан ажратилади. Ҳозирда бундай кредитлар Марказий банк асосий ставкаси даражасида ажратиб келинмоқда (14 фоиз).

Шунингдек, ҳужжат билан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Бизнесни ривожлантириш банкининг 2023 йил 1 октябрдан бошлаб Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш комплекс дастурини амалга ошириш маъқулланган.

Бизнесни ривожлантириш банки бу дастурни амалга ошириш учун таянч банк бўлади. Дастурни 2023−2026 йилларда амалга ошириш учун давлат маблағлари ҳисобидан 6 трлн сўм ва халқаро молия институтларининг 1,2 млрд АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари йўналтирилади.

Дастурда иштирок этиш ҳуқуқи қуйидагиларга берилади:

  • камида бир йил мобайнида фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар, деҳқон хўжаликлари, ўзини ўзи банд қилган шахслар, ҳунармандлар, касаначилар, нодавлат таълим ташкилотлари, уч ва ундан ортиқ кишини доимий иш билан таъминлаётган кичик тадбиркорлик субъектлари;
  • оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ўз бизнес лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириб, ижобий кредит тарихига эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар.

2023 йил 1 октябрдан дастурда иштирок этадиган кичик тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун қуйидаги чоралар кўрилади:

  • тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ёки кенгайтириш учун 2 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга ҳамда айланма маблағлар учун револьвер тарзда 3 йилгача муддатга Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоиз пункт юқори ставкада 1,5 млрд сўмгача кредитлар ажратиш ва (ёки) асосий воситаларни сотиб олиш учун лизинг бериш. Бунда 100 млн сўмгача кредитлар гаровсиз, 150 млн сўмгача кредитларни гаров талаби 50 фоизгача пасайтирилган ҳолда ажратилади;
  • қиймати 1,5 млрд сўмгача бўлган асосий воситаларни 7 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан қарзга бериш;
  • 24 ойдан ортиқ фаолият юритаётган ва охирги 12 ойда айланма маблағлари миқдори 1 млрд сўмдан 10 млрд сўмгача бўлган камида 10 нафар кишини доимий иш билан таъминланган кичик тадбиркорлик субъектларининг янги лойиҳаларига ва мавжуд ишлаб чиқаришни кенгайтиришга оид лойиҳаларга бўш турган давлат мулки объектлари ва ер майдонлари, асбоб-ускуналар, бино-иншоотлар ва бошқа кўринишдаги моддий активлар билан 20 фоизгача, бироқ 1 млрд сўмдан ортиқ бўлмаган қийматда улушдор бўлиб кириш;
  • инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш, юқори технологик стартап лойиҳаларига давлат илмий дастурлари доирасида 2 млрд сўмгача грант маблағларини ажратиш.

Эслатиб ўтамиз, президент 2 август куни бўлиб ўтган йиғилишда «маҳалла еттилиги» кафолати остидаги оилавий тадбиркорлик субъектларига гаровсиз кредитлар лимити 33 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача оширилишини маълум қилганди.