18 сентябрь куни Осиё Чемпионлар лигасида Ўзбекистондан қатнашаётган тўртта жамоанинг учтаси — «ОКМК», «Насаф» ва «Навбаҳор» иштирокини бошлади. Илк турда жамоалар турли натижаларни кўрсатди.

«Ал-Иттиҳод» — «ОКМК»

Фото: «ОКМК» ФК

Гуруҳ босқичининг илк турида Олмалиқнинг «ОКМК» жамоаси Жиддадаги «Абдулла Файсал» стадионида «Ал-Иттиҳод»га қарши майдонга тушди. Ўйиннинг 11-дақиқасида Ҳароун Камара мезбонларнинг биринчи голини урди. 15-дақиқага бориб Ромаринё ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Биринчи таймнинг 42-дақиқасида Ромаринё пенальтини аниқ амалга ошириб, дубль қайд этди.

Миржалол Қосимов шогирдлари иккинчи таймни нисбатан яхшироқ ўтказган бўлсада, ҳисобни ўзгартира олишмади. Ўйин 3:0 ҳисобда якунланди.

«Насаф» — «Ал-Файсалий»

Фото: «Насаф» ФК

Рўзиқул Бердиев шогирдлари Иорданиянинг Амман шаҳридаги «Амман халқаро стадиони»да «Ал-Файсалий» жамоаси меҳмони бўлди. Қаршиликлар ўйинда устунлик қилди ва кўплаб яхши вазиятлар яратди. Хусусан, Дониёр 87-дақиқадарақиб дарвозасини ишғол этди. Бироқ гол офсайд сабаб ҳисобга олинмади.

Ҳакам иккинчи таймга қўшиб берган 7 дақиқанинг охирги сонияларида Зафармурод Абдураҳматов гол урди ва «Насаф»нинг биринчи турдаги ғалабасини таъминлади.

«Ал-Ҳилол» — «Навбаҳор»

Наманганнинг «Навбаҳор» жамоаси эса Ар-Риёддаги «Кинг Фаҳд» стадионида «Ал-Ҳилол»га қарши баҳс олиб борди. Ўйинда кутилганидек ёзги трансферларда Неймар, Митрович, Рубен Навеш ва Малком каби юлдузларни жалб қилган мезбонлар устунлик қилди. Самвел Бабаян шогирдлари эса қарши ҳужумда ўйнашга ҳаракат қилди.

Шундай қарши ҳужумларнинг бири иш берди. Ўйиннинг 52-дақиқасида Аброрбек Исмоилов оширган пасни қабул қилиб олган Тома Табатадзе ҳисобни очди. Шундан сўнг «Навбаҳор» ўйинчилари бироз «жонланди» ва 89-дақиқада яна бир қарши ҳужумни голга айлантириш имконияти пайдо бўлди. Бироқ Жасурбек Яхшибоев бирга бир вазиятдан фойдалана олмади.

Ҳакам иккинчи таймга 14 дақиқа қўшиб берди. Мезбонлар ҳимоячиси Али Ал Болеҳи ушбу қўшиб берилган вақтнинг 10-дақиқасида ҳисобни тенглаштирди. Ўйин 1:1 ҳисобида якунланди.

Эслатиб ўтамиз, 19 сентябрь куни ОЧЛда «Пахтакор» БААнинг «Ал-Айн» жамоасига қарши майдонга тушади.