Мусулмонлар идораси Фатво маркази олтиннинг ўзини ейиш ёки уни бирор таомга қўшиб тановул қилиш Ислом динида дуруст ва ҳалол эмаслиги билдирди.

Бир неча кун олдин Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги ресторанда тилла солинган ош тайёрланаётгани, унинг нархи 40 миллион сўм экани ҳақида хабарлар тарқалганди. Шундан сўнг Afisha.uz бунга ойдинлик киритиш учун ресторан маъмурияти билан боғланган.

Тақдим этилган маълумотларда тилла (зарварақ) солинган таомлар ростан ҳам тайёрланаётгани, бундай таомлар орасида ош, кабоб, стейк, шунингдек, тилла қўшилган кофе ва музқаймоқлар ҳам борлиги маълум бўлган.

Фатво

Фатво марказининг таъкидлашича, олтин ва кумуш нақд пул аёлларга зийнат қилиб яратилган. Уни ейдиган нарсага айлантириш жоиз эмас.

«Бундай қилиш шаръий ва инсоний урфга зиддир. Чунки бирор-бир миллат, дин ёки жамият олтин ва кумушни таом сифатида қабул қилмаган», — дейилади унда.

Марказ оятларда емаслик керак бўлган нарсани ейиш зулм экани, тилла ёки кумушни ейиш ҳам зулм ҳисобланишини билдирди.

«Иккинчидан, олтин ва кумушдан ясалган идишларда таомланиш ва ичиш ҳам жоиз эмас. Учинчидан, бу молни исроф ва зое қилиш ва неъматларнинг қадрини ерга уриш ҳисобланади», — дейилади унда.

«Тўғри, айрим табиблар шифо мақсадида кам миқдорда олтин истеъмол қилишни тавсия қилган бўлиши мумкин. Бу заруратда бошқа дори қолмагани учун „ҳаром билан даволаниш“ бобидан бўлиб, алоҳида мавзу ҳисобланади. Лекин одатдаги ҳолатда тилла ва кумушни таомга қўшиб ейиш ҳалол эмас. Валлоҳу аълам», — дея қайд этди марказ.

Бундан аввалроқ Ўзбекистонда 24 каратли олтин зарралари билан тўйинтирилган Ocard номли «юқори сифатли сув» ишлаб чиқарила бошлаганди. 2022 йилда тадбиркор Мурод Назаров Жеймс Бонд ролида реклама қилган Ocard суви бизнеси Тошкент шаҳрининг ўша вақтдаги ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қизига тегишли эканини маълум қилган.

тилла, фатво маркази

Orginfo.uz маълумотларига кўра, Ocard савдо белгиси патенти 2021 йилнинг 23 март куни J-United Group МЧЖ томонидан рўйхатдан ўтказилган.

КТЯДРга мувофиқ, J-United Group таъсисчиси эса Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳисобланади, компания 2002 йилнинг 27 августида давлат рўйхатидан ўтказилган. Бу компаниянинг фаолият тури сифатида истироҳат ва тематик боғлар кўрсатилган.