Қозоғистон ҳукумати 1929 йилдан 1956 йилгача бўлган даврдаги сиёсий қатағон қурбонларининг 2,4 миллиондан ортиқ архив карточкаларини махфийликдан чиқарди. Бу ҳақда мамлакат Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.

Махсус кўчирилганлар (СССР пайтида 1930−1940 йилларда мамлакатнинг чекка ҳудудига мажбуран кўчирилганлар) 251 минг кишининг ҳужжатлари президент архивига топширилди ва улар кейинчалик жамоатчиликка тақдим этилади. Йил охиригача яна 265 минг кишининг файллари давлат раҳбари архивига юборилади.

Шунингдек, сургун қилинганлар, махсус кўчирилганлар ва жиноий жавобгарликка тортилган 311 минг нафар шахс реабилитация қилинди.

2020 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб Қозоғистонда сиёсий қатағон қурбонларини тўлиқ реабилитация қилиш бўйича Давлат комиссияси фаолият юритмоқда. У президент Қосим-Жомарт Тоқаев топшириғига биноан «тарихий адолатни тиклаш борасидаги ишларни якунлаш учун» тузилган. 2023 йил бошида давлат комиссияси томонидан қатағон қурбонларининг турли тоифалари тарихига оид 31 жилдлик ҳужжат ва материаллар тақдим этилган.

Ҳар йили 31 май куни Қозоғистонда сиёсий қатағон ва очарчилик қурбонларини хотирлаш куни нишонланади. Расмий маълумотларга кўра, қатағон йилларида СССРнинг турли минтақаларидан 5 миллиондан ортиқ одам Қозоғистонга сургун қилинган. 100 мингга яқин қозоғистонлик қатағон қилинган, улардан 20 мингдан ортиғи отиб ташланган. Ўтган асрнинг 30-йилларида қозоқ чўлидаги оммавий очарчилик даврида мажбурий коллективлаштириш сиёсати туфайли турли ҳисоб-китобларга кўра 1 миллиондан 3 миллионгача одам ҳалок бўлган.