2050 йилга келиб, беш млрд дан ортиқ одам, эҳтимол, дунё аҳолисининг ярмидан кўпи — камида бир ой давомида хавфли жазирама таъсиридан азият чекади. Washington Post ва CarbonPlan нодавлат ташкилотининг об-ҳаво маълумотлари таҳлили буни тасдиқламоқда.

Мутахассислар ҳарорат, намлик, қуёш нури ва шамолни бирлаштирган индикатор — нам термометр ёрдамида ҳароратни ҳисоблашди. Олимлар буни иссиқликнинг инсон танасига қанчалик зарар етказишини баҳолаш учун «олтин стандарт» деб ҳисоблашади.

Таҳлил учун 32 даража Цельсий бўйича нам термометрнинг чегара қиймати ишлатилган (48 даража Цельсий бўйича оддий термометрга тенг). Бундай ҳароратда ҳатто 15 дақиқа ташқарида бўлиш ҳам соғлом катталар учун иссиқлик уриши учун етарли.

Washington Post ва CarbonPlan, шунингдек, 2050 йилда дунёнинг турли шаҳарларида неча кун аномал иссиқлик кузатилишини ҳисоблаб чиқди. Ўзбекистонда энг кўп аномал иссиқ кунлар Термизда — 47 кун, энг ками эса Фарғона водийси шаҳарларида (ҳар бири 3 кундан) бўлади.

Ўзбекистон шаҳарларида ўта иссиқ кунлар сони:

  • Термиз — 47 кун
  • Қарши — 46 кун
  • Нукус — 40 кун
  • Урганч — 40 кун
  • Бухоро — 36 кун
  • Жиззах — 33 кун
  • Гулистон — 27 кун
  • Навоий — 25 кун
  • Самарқанд — 10 кун
  • Тошкент — 7 кун
  • Наманган — 3 кун
  • Фарғона — 3 кун
  • Андижон — 3 кун

Марказий Осиё мамлакатлари пойтахтларида, экспертларнинг фикрича, бу кўрсаткич: Остонада — 0 кун, Бишкекда — 0 кун, Душанбеда — 2 кун, Ашхободда — 25 кун бўлади.

Дунёнинг исталган шаҳридан энг кўп ғайритабиий иссиқ кунлар Пеканбаруда (Индонезия) кутилмоқда — 344 кун. Дубайда (БАА) 189, Калькуттада (Ҳиндистон) — 188 кун. Вашингтон (АҚШ) ва Мадридда (Испания) атиги 9 кун аномал иссиқлик кутилмоқда.

Washington Post мақоласида таъкидланганидек, аномал юқори ҳароратни бошдан кечирадиган аҳолининг 80 фоизи кам даромадли мамлакатларда яшайди. Уларнинг кўпчилигида кондиционер йўқ. Масалан, 2030 йилга бориб Ҳиндистонда 270 млн киши ҳатто уйда ҳам ҳаддан ташқари иссиқликни бошдан кечиради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқининг иқлим ўзгариши бўйича Copernicus хизмати 2023 йил ёзини сайёрадаги рекорд даражадаги энг иссиқ деб атаган эди. Метеорологларнинг маълумотларига кўра, бу даврда дунёда ўртача ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 16,77 даражани ташкил этган, бу меъёрдан 0,66 даражага юқоридир.