Давлат мактабларидаги «тижорий» синфлар — ўқув йили бошида мактаб ўқувчиларининг ота-оналари орасида энг кўп муҳокамаларга сабаб бўладиган мавзулардан бири. 2 сентябрь куни Facebook ижтимоий тармоғидаги «Потребитель.uz» гуруҳида Яшнобод туманидаги 30-мактабнинг 7-синфида таҳсил олувчи бир ўқувчининг онаси жорий йилдан бошлаб ушбу мактабдаги барча 7-синфлар «тижорий» синфга айлантирилгани ҳақида хабар қолдирди. Онанинг сўзларига кўра, ойига 100 минг сўм эвазига болаларга қўшимча равишда бир соатдан инглиз ва рус тили машғулотлари ўтказилади.

«Шу билан бирга, [олдимизга] танлов [имконияти] қўйилдими ёки факт — айтиш қийин. Ё „тижорий“ синф, ёки „тўғри тушунинг, сизда танлов [имконияти] кам“, — деб ёзади аёл. — Мактабимизда кам таъминланган оилалар кўп, бошқа мактабга ўтиш имконияти йўқ, чунки бизнинг ҳудудда [бошқа мактаб] ҳам йўқ. Маҳалладан маълумотнома мавжуд бўлган тақдирда кам таъминланганларга 50 фоиз чегирма қилиш[га келишилди]».

Кейинроқ пост ва фойдаланувчи профили, катта эҳтимол билан, ўчириб ташланди, чунки уларни топиб бўлмади. 3 сентябрь куни Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бош бошқармаси матбуот хизмати ушбу мактабда 7-синфлар учун оддий, нотижорий синфлар мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотни инкор қилди.

«30-мактабда тўртта 7-синф мавжуд: уларнинг иккитасида таълим ўзбек тилида, иккитасида рус тилида олиб борилади. Битта рус ва битта ўзбек синфида 2021 йилдан бошлаб Вазирлар Маҳкамасининг [Халқ таълими муассасалари тизимидаги умумтаълим муассасаларида пуллик таълим хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги] қарори асосида қўшимча пуллик тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Бу синфларда машғулотлар биринчи сменада ўтказилмоқда», — дейилади хабарда.

Бошқарманинг қўшимча қилишича, рус тилида ўқитиладиган бошқа синфнинг ота-оналари пуллик асосдаги худди шундай инглиз ва рус тили тўгараклари жорий этишни сўраган. Мактаб маъмурияти бу масалада ота-оналар билан келишиб олиш, улар билан алоҳида шартнома тузилиши кераклигини тушунтирган.

30-мактаб директори Қирмизой Ҳотамованинг «Газета.uz»га маълум қилишича, «барча қўшимча тўгарак машғулотлари асосий дарс машғулотларидан сўнг ва фақат ота-оналарнинг хоҳиш-истакларига биноан ўтказилади». «Бу «тижорий» синфлар эмас, балки ота-оналарнинг танловига мувофиқ қўшимча машғулотлар», — дея қайд этди директор.

«Газета.uz» мухбири Анна Садриева «тижорий» синфлар нима экани, ота-оналар, экспертлар ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакилларининг бундай синфлар ҳақида қандай фикрда эканига аниқлик киритди.

«Тижорий» синфлар қандай синф?

мактаблар, тижорий синфлар, халқ таълими

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг «Газета.uz»га маълум қилишича, «тижорий» синфлар — болалар «асосий дарс машғулотларига қўшимча равишда чуқурлаштирилган ёки синфдан ташқари билим (масалан, чет тилларини чуқурлаштирилган ҳолда ўрганиш, санъат ва мусиқа тўгараклари) оладиган» синфларнинг халқ орасидаги номи.

Булар ўқув режасида кўзда тутилмаган ва одатий синфларда ўтилмайдиган фанлар (актёрлик маҳорати, дизайн, шахмат, гулчилик) ёки асосий фанлардан қўшимча дарс соатлари бўлиши мумкин. Мисол учун, давлат стандартларида 2-синф ўқувчилари она тили фанини ҳафтасига тўрт соат ўқишлари назарда тутилган — одатий синфлар ўқувчилари она тили фанини худди шунча соат ўрганади. «Тижорий» синфда эса ўқувчиларга қўшимча ҳақ эвазига она тилидан қўшимча дарс машғулотлари ўтиб берилади.

«[Бундай синфлар] қанча вақт илгари пайдо бўлганини айтиш қийин, — дейди ММТВ матбуот котиби Лайло Рустамова «Газета.uz»га. — Эҳтимол, улар ҳар доим мавжуд бўлган, бироқ турли шаклларда. Масалан, репетиторлик, турли қўшимча тўгараклар ва ҳоказо. Бироқ бу турдаги хизмат шаффоф бўлмаган тарзда, норасмий кўрсатилгани аниқ. 2019 йилдан буён бундай хизматларни кўрсатиш тартибга солинди».

«Тижорий» синфларда хизматлар мактаб директори ва ҳар бир ўқувчининг ота-онаси ёки унинг қонуний вакиллари ўртасида тузилган шартнома асосида тақдим этилади.

Маблағлар банклар орқали нақд пул шаклида ёки пул ўтказиш йўли билан мактабнинг бюджетдан ташқари ҳисоб рақамига ўтказилади. Келгусида улар мактаб эҳтиёжлари учун йўналтирилади, дея маълум қилди пойтахт таълим бошқармаси матбуот котиби Эркин Холбобоев «Газета.uz»га.

«Тижорий» синфларни очиш ташаббуси мактабнинг кузатув кенгаши томонидан илгари сурилади. Унинг аъзолари умумий ота-оналар йиғилиши томонидан уч йил муддатга камида етти кишидан иборат таркибда сайланади. Кенгаш таркибида камида икки ота-она, мактабнинг икки битирувчиси, илгари мактабда ишлаган ва ҳозир нафақада бўлган бир педагог, шунингдек, камида икки ҳомий бўлиши лозим.

«Газета.uz» суҳбатлашган ота-оналарнинг сўзларига кўра, таълим муассасасига молиявий кўмак бериш истагида бўлган исталган шахс ҳомий бўлиши мумкин. Аксарият ҳолларда бу ўз хайрия тадбирлари учун солиқ имтиёзлари олиш истагидаги тадбиркорлар бўлади. Кенгаш аъзолари тенг ҳуқуқли, бир овозга эга ва очиқ овоз беради.

мактаблар, тижорий синфлар, халқ таълими

Мактаб директори, уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, уларнинг яқин қариндошлари кузатув кенгаши аъзоси бўла олмайди. Халқ таълими бошқаруви органлари, ҳокимликлар ва мактаб раҳбарияти кенгашлар фаолиятига аралашиш ҳуқуқига эга эмас.

«Тижорий» синфлар ота-оналарнинг хоҳиш-истагига биноан исталган мактабда очилиши мумкин, дейди Лайло Рустамова. Бунинг учун фақатгина мос синф хонаси ва тегишли ўқитувчи бўлса кифоя.

Фарзандлари шундай синфларда таҳсил олаётган ота-оналарнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, машғулотлар одатий синфларда мазкур мактабларда фаолият юритувчи ўқитувчилар томонидан олиб борилади. Баъзи мактабларда бундай синфларда проектор, интерактив доска ва кулерлар мавжуд бўлиб, қўшимча «тижорий» машғулотлар хусусий ўқув марказлари ходимлари томонидан ўтказилади.

Мактабдаги «тижорий» синфлар сони чекланмаган ҳамда ота-оналарнинг хоҳиш-истаги ва имкониятларига боғлиқ, дея таъкидлайди Лайло Рустамова. Ота-оналарни фарзандларини бундай синфларда ўқитишга мажбурлаш тақиқланган.

Ота-она фарзанди ўқиётган синф «тижорий» синфга айлантирилаётгани сабабидан уни бошқа синфга ўтказишни истамаган, бироқ бу хизматлар учун ҳақ тўлаш имкониятига эга бўлмаган тақдирда, нима қилиш керак? ММТВ мазкур саволга «барча мактабларда болалар учун бепул таълим кафолатланган одатий синфлар мавжуд», деб жавоб берди. Бу ота-оналар ва болалар учун танлов ҳуқуқини қолдиради, шунинг учун болаларнинг бепул ўрта таълим олиш бўйича конституциявий ҳуқуқлари ҳеч қандай тарзда поймол қилинмайди, дея қайд этди Лайло Рустамова.

«Тижорий» синфларда ўқитиш нархи мактаб директори томонидан кузатув кенгаши билан келишилган ҳолда тасдиқланади. Нархлар ҳатто битта мактаб доирасида ҳам фарқ қилиши мумкин — бу кўрсатилаётган хизматлар миқдори, тури ва мураккаблигига боғлиқ, дея тушунтирди у.

«Тижорий» синфлар ҳақида ота-оналарнинг фикри қандай

Олмазор туманидаги 159-сонли мактаб

Ушбу мактабда таҳсил олувчи ўқувчилардан бирининг исми сир тутилишини истаган отаси «Газета.uz»га янги ўқув йилидан бошлаб фарзандининг синфи «тижорий»га айлантирилгани, бу август ойига келибгина маълум бўлганини айтади.

«Август ойидан бери шундан хавотирдаман, чунки битта бола учун ойига 820 минг тўлашга қурбим етмайди. Иккита катта фарзандим тил курсларига қатнайди, бунинг учун 1,6 миллион сўм тўлаймиз, бунга қўшимча ҳар иккитаси учун харажатлар. Менинг эса мактабга қатнайдиган тўрт нафар фарзандим бор», — дейди ота.

«Бу менинг ва нафақат менинг конституциявий ҳуқуқларимни поймол қилади… Барча ота-оналар — уларнинг сони 40 нафарни ташкил этади — бу қарордан жуда норози», — дейди у.

Юнусобод туманидаги 5-сонли мактаб

8-синф ўқувчисининг онаси оила фарзандини «тижорий» синфда ўқитишдан мамнун эканлигини маълум қилди, чунки қўшимча машғулотларда болалар дарс вақтида тўлиқ ўтишга улгурмаган мавзуларни мустаҳкамлайди.

Ўқитиш нархи ҳафтасига олтита қўшимча дарс — математика, рус ва инглиз тили фанлари бўйича иккитадан машғулот учун ойига 400 минг сўм.

«Бизда қўшимча машғулотлар ўтган йилнинг учинчи чорагида бошланди. Аввалига жуда жаҳлимиз чиқди ва нима учун ҳақ тўлашимиз кераклигини тушунмадик. Бироқ, кейинчалик бу машғулотларни юқори баҳоладик, чунки мавзулар мураккаб ва уларни бир дарс [мобайнида] ўзлаштириш имконсиз, қўшимча машғулотларда эса болалар уларни мустаҳкамлайди. Ягона салбий томони — болалар чарчайди, чунки уларда кунига 7−8 тадан дарс машғулоти бўлиши мумкин».

Миробод туманидаги 175-сонли мактаб

«Тижорий» синфнинг ягона афзаллиги шундаки, бола тушдан кейин соат 3 га қадар мактабда бўлади, дейди 4-синф ўқувчисининг онаси. Унинг сўзларига кўра, биринчи синфда мактаб турли хил қўшимча машғулотларни ваъда қилган, бироқ уч йилдирки, улар ҳали ҳам тўлиқ пайдо бўлмаган.

«Ўқитиш нархи 450 минг сўмгача кўтарилди (ўтган йили 400 минг эди). Бу пул эвазига биз шахмат, инглиз тили, актёрлик маҳорати [бўйича дарс машғулотлари] олишимиз керак, бироқ ҳар доим нимадир бекор қилинади, нимадир содир бўлади, биздан эса ўқув жараёнига аралашмасликни сўрашади. „Биз ўқитувчилармиз, дастуримизга аралашманглар“, дейишади».

мактаблар, тижорий синфлар, халқ таълими

Миробод туманидаги 83-сонли мактаб

«Ўтган йили мактабимизда бешта биринчи синф очилди, улардан фақат биттаси нотижорий синф эди. Ўтган йили хизматлар нархи 500 мингни ташкил этган бўлса, бу йил 20 фоизга — 600 минг сўмгача ошди», — дейди бир ўқувчининг онаси.

Аёлнинг сўзларига кўра, қўшимча машғулотлар — рақс, мантиқ, ментал арифметика, шахмат ва инглиз тили — ўқув маркази ўқитувчилари томонидан олиб борилади, улар билан ота-оналар шартнома тузади.

«Биринчи синфда болалар учун эрталаб соат 8:00 дан 16:00 гача мактабда дарс машғулотларида бўлиш қийин кечди. Машғулотлар, табиийки, танаффуслар билан ўтказилади ва баъзи машғулотлар — рақс, актёрлик маҳорати, шахмат — болалар учун камроқ стрессли кўринади. Бироқ, ортиқча юклама бўлмаслиги учун фарзандимни икки-уч соат олдин олиб кетишга ҳаракат қилдим. Йил охирига келибгина озми-кўпми мослашдик».

Фикрлар

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги умумтаълим мактабларидан бирининг бошланғич синф ўқитувчиси «Газета.uz» билан суҳбатда «тижорий» синфларнинг ўқув юкламаси болалар учун оғирлик қилишини таъкидлади.

«Улар ҳали гўдак, — дейди ўқитувчи. — Ўтган ўқув йилида менга шунга ўхшаш синф очишни таклиф қилишди. Мен рад этдим, чунки бунда нима учун ҳақ тўлаш кераклигини тушунмайман — иккита қўшимча дарс учунми?»

Ўқитувчининг таъкидлашича, ўтган йили «тижорий» синфда ўқитиш нархи ҳар бир бола учун 400 мингни ташкил этган. Ушбу пулнинг бир қисми ўқитувчининг меҳнатини қоплайди ва асосий иш ҳақига қўшимча ҳисобланади.

Айни пайтда, худди шу ҳудуддаги бошқа бир мактабнинг биринчи синф ўқувчиларидан бирининг онаси ўз фарзандини «тижорий» синфга ўтказганидан афсусланмаслигини ва буни муҳим фанлар бўйича қўшимча билим олиш имконияти деб ҳисоблашини билдирди.

«Биз, хусусий мактабларга муносиб муқобил деб ҳисоблаб, „тижорий“ синфда ўқитишни танладик. Ўқитиш нархи ойига 400 минг сўмни ташкил этади, — дейди аёл. — Асосий мактаб ўқув дастуридан ташқари, математика ва она тилини чуқурлаштириб ўрганишга мўлжалланган қўшимча машғулотлар мавжуд. Бу факт инсоннинг конституциявий ҳуқуқларини қандайдир тарзда поймол қилади, деб ўйламайман, чунки мактабга қабул қилинаётган барча болалар учун битта „тижорий“ ва учта одатий синфдан бирини танлаш имкони тақдим этилган».

мактаблар, тижорий синфлар, халқ таълими

Таълим соҳаси эксперти, «Газета.uz»да шу мавзуда эълон қилинган кўплаб мақолалар муаллифи Комил Жалиловнинг фикрича, давлат мактабларида «тижорий» синфларнинг мавжудлиги болаларнинг таълим олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини очиқдан-очиқ поймол қилади.

«Конституциянинг 50-моддасига мувофиқ, „Давлат бепул умумий ўрта ва бошланғич касб-ҳунар таълимини кафолатлайди“. Мактабда „тижорий“ синф мавжуд бўлган тақдирда, ўқитувчи ўқувчиларни шу синфга жалб қилади, чунки бундай ҳолатда унда моддий манфаатдорлик бор, — дейди Комил Жалилов. — Ота-оналари ҳақ тўлашга тайёр бўлган болаларга „бепул“ болаларникидан фарқ қиладиган шарт-шароит (масалан, камроқ юкламага эга бўлган дарслар, қўшимча машғулотлар ва ҳ.к.) яратилса, бу ҳолат боланинг руҳиятига ва болалар ўртасидаги муносабатларга таъсир қилмай қолмайди. Давлат бепул таълим сифатига тааллуқли минимал стандартларни белгилаши ва бир мактабдаги барча болалар бир хил хизматлардан фойдаланиши учун ушбу стандартларга риоя қилиши лозим».

Мутахассиснинг фикрича, бир мактабда болалар уч сменада ўқиб, бошқасида бир сменада ўқийдиган вазият бўлмаслиги керак. Ёки баъзи мактабларда синфдаги ўқувчилар сони 50 га яқин, бошқаларида эса бир синфдаги ўқувчиларнинг давлат стандартлари бўйича рухсат этилган максимал сони — 35 тага ҳам етмайди.

Комил Жалиловнинг сўзларига кўра, Буюк Британияда болалар миллий ўқув дастурининг бир қисми ҳисобланувчи фанларни давлат стандартлари асосида ўрганган тақдирда, мактаблар дарс ва дарсдан ташқари вақтларда ўқитиш учун тўлов олишга ҳақли эмас. Яъни, боғдорчилик дарслари учун ҳақ олиниши мумкин, бироқ математика фанидан қўшимча соатлар учун эмас, чунки математика — барча болалар учун мажбурий фан, боғдорчилик эса — йўқ.

«Бу қўшимча дарсларда нима ўргатилади? Мисол учун, қизимнинг мактабида худди шу [одатий дарс жараёнида фойдаланиладиган] дарсликлардан фойдаланган ҳолда уй вазифасини бажаришади. Бу давлат стандартининг бир қисми эмасми?» — савол билан юзланади мутахассис.

мактаблар, тижорий синфлар, халқ таълими

Иллюстратив сурат.

Масалан, АҚШнинг Массачусетс штати ўқитувчилари ўз ҳудудидаги болаларга пуллик таълим хизматлар тақдим этса, бу манфаатлар тўқнашуви сифатида кўрилади. Штат қонунлари бундай хизматларни кўрсатишни тақиқлайди, дейди Комил Жалилов.

Висконсин штати Конституциясига кўра, 4 ёшдан 20 ёшгача бўлган болалар учун таълим бепул. Шунга кўра, мактаб таълим хизматлари, мактаб биноларини таъмирлаш, жиҳозлар ва таълим учун зарур бўлган бошқа ашёлар учун тўлов олишга ҳақли эмас.