Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида E-auksion орқали сотувга қўйилган 51 хонали йирик турар жой мулки MOB Group томонидан август ойида харид қилинди. «Газета.uz» февраль ойида ҳам мулкни сотишга уринилгани ҳақида ёзган эди.

14 август куни бўлиб ўтган аукцион 11 дақиқадан сал кўпроқ давом этди. Аукционда икки компания иштирок этди. MOB Group 33,27 млрд сўмлик — бошланғич нархдан 2 фоизга кўп ягона таклифни киритди. Мазкур объект онлайн аукционда сотувга қўйилган энг қиммат турар жой мулки бўлди.

2017 йилда қурилган мажмуа 0,52 гектар майдонни эгаллайди, биноларнинг умумий майдони 2052,8 кв. м. У 51 та хона, боғлар, сауналар, ҳовузлар, бир нечта ҳаммом, ошхоналар, айвончалар, болалар ўйин хонаси ва бошқа биноларни ўз ичига олади. Уйда кўплаб суратлар ҳам мавжуд.

Уни сотувга қўйишга Ҳарбий суднинг 2021 йил 15 апрелдаги ижро варақаси ва Мажбурий ижро бюроси инспекторининг 2021 йил 20 декабрдаги қарори асос бўлган.

МИБ «Газета.uz»нинг мулк кимга тегишли экани ва нима учун бир йилдан ортиқ кечикиб сотувга қўйилгани ҳақидаги сўровларига ҳозирча жавоб бергани йўқ.

MOB Group компанияси 2016 йил март ойида рўйхатдан ўтган бўлиб, ресторан бизнеси ва озиқ-овқат етказиб бериш хизматлари соҳаларида фаолият юритади. Хусусан, у Mona премиум ресторанига эгалик қилади.

Зилола Бобоёрова (20,6 фоиз) ва Одилбек Маннанов (79,4 фоиз) MOB Group таъсисчилари ҳисобланади. Одилбек Маннанов, шунингдек, British Education Company (таълим сектори), Smartblax IT Group (компьютер дастурлаш) ва Iron Fort Property (нотурар биноларни ижарага олиш ва бошқариш) компанияларида улушларга эга.