Ўзбекистон Қуролли Кучлари академияси Ҳарбий-илмий ва амалий ривожлантириш маркази катта илмий ходими, истеъфодаги генерал-майор, ҳарбий фанлар номзоди, профессор Александр Владимирович Шишлянников оғир касалликдан кейин 15 сентябрь куни 73 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

У билан видолашув 16 сентябрь куни соат 11:00 да Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида бўлиб ўтади. Видолашув маросимига Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари, Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи, генерал-майор Шуҳрат Халмуҳамедов раҳбарлик қилди.

Александр Шишлянников 1950 йил 3 ноябрда Тошкентда туғилган. 1971 йилда Тошкент олий танк қўмондонлик билим юртини тамомлаб, Чехословакиядаги Марказий ҳарбий қўмондонлик ва Германиядаги Ғарбий ҳарбий қўмондонлик бўлинмаларида хизмат қилган. 1993−1995 йилларда Тожикистон мудофаа вазири лавозимида ишлаган.

30 йилдан ортиқ ҳақиқий ҳарбий хизмати давомида Александр Владимирович унинг барча босқичларини босиб ўтди: танк билим юрти курсантидан тортиб, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясининг тезкор санъат ва умумий тактика кафедраси бошлиғигача, Тожикистон Республикасининг биринчи мудофаа вазири, лейтенантдан-генералгача.

2012 йилда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон шундай деган эди: «Мен ўзим полигонда, чодирларда миллий армия тузганман. Бизда қуролли кучлар ҳам, мудофаа вазири ҳам, генерал ва офицерларимиз ҳам йўқ эди. Биз бошқа давлатдан 200 дан ортиқ офицер сўрадик. Ва улар орасида мен полковник Шишлянниковни танладим ва уни мудофаа вазири этиб тайинладим. Бизда ҳеч нима йўқ эди, биз [барчасини] нолдан бошладик».

«Чуқур билим, топширилган вазифа учун чуқур масъулият ҳисси, ғоят машаққатли хизмат ва юқори қўмондонлик маҳорати А.В. Шишлянниковнинг ўзига хос хусусиятлари эди. У ўзини фаол, ташаббускор ва шижоатли ҳарбий раҳбар сифатида намоён этди, ўзига ва қўл остидагиларга нисбатан талабчан, одамларга ғамхўрлик қилди, бу билан эса у умуминсоний ҳурматга сазовор бўлди», — дейилади Мудофаа вазирлиги хабарида.

Генерал Шишлянников Қуролли Кучлар академиясида ҳарбий илмий фаолиятнинг шаклланиши ва ривожланишига, умуман, Ўзбекистон Қуролли Кучларида ҳарбий фаннинг ривожланишига катта ҳисса қўшди. 70 дан ортиқ илмий-услубий ишлар муаллифи, Қуролли Кучларнинг 20 дан ортиқ офицерларига илмий раҳбарлик қилган.

Александр Шишлянников олий давлат мукофотлари, жумладан, 3 та орден ва 50 дан ортиқ медаллар ҳамда эсдалик нишонлари билан тақдирланган. 2019 йилда «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.