Марказий Осиёда сув тақчиллиги муаммоси ўткир ва муқаррар тус олди ҳамда бундан буён у тобора чуқурлашиб бораверади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Душанбеда ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгаши мажлисида айтди.

«Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Марказий Осиёнинг айрим минтақаларида 2040 йилга бориб сув ресурсларига бўлган эҳтиёж уч баробар ошади. Вақт ўтиши билан иқтисодий зарар ялпи минтақавий маҳсулотнинг 11 фоизига етиши мумкин. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотига кўра, ҳозирнинг ўзидаёқ минтақа давлатлари сув ресурслари тақчиллиги ва ундан самарасиз фойдаланиш оқибатида йилига 2 миллиард долларгача маблағ йўқотмоқда», — деди давлат раҳбари.

Унинг фикрича, «буларнинг барчаси жамғарма доирасида узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган келишилган янги қарорларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни талаб этмоқда».

Президент 30 йил аввал ташкил этилган жамғармани «экологик таҳдидларга қарши кураш масалаларида умумий манфаатларни илгари суриш учун муҳим майдон» деб атади.

«Тузилмамизнинг ўрни ва аҳамияти глобал иқлим ўзгаришлари оқибатида вужудга келаётган янги хавф ва таҳдидлар шароитида янада ортиб бормоқда. Музликларнинг эриши, табиий офатлар, шунингдек, шиддатли демографик ўсиш, урбанизация жараёнлари ва саноатлашув натижасида юзага келаётган техноген омиллар туфайли минтақада сув ва экология билан боғлиқ вазият ёмонлашиб бораётгани ва унинг оқибатлари алоҳида хавотир уйғотмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистоннинг жамғарма фаолиятини такомиллаштириш бўйича ташаббуслари

Президент Ўзбекистон Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш ва институционал механизмларини модернизация қилиш тарафдори эканини маълум қилди.

У асосий ҳужжатлар ва битимларни хатловдан ўтказиш, жумладан, 1990 йилларда қабул қилинган жамғарма низомини қайта кўриб чиқиш, амалдаги тузилма фаолиятини биргаликда таҳлил қилиш ва жамғарма таркибидаги ташкилотлар ишини мувофиқлаштириш ва самарасини ошириш борасида таклифлар тайёрлаш, унинг фаолияти ва ҳамкорлик масалаларини аниқ тартибга солувчи «Қоида ва тартиб-таомиллар»ни ишлаб чиқишни таклиф этди.

«Жамғармани ривожлантириш ва ислоҳ этиш жараёнларини тармоқлараро тамойил асосида, яъни замонавий экологик таҳдидларни ҳисобга олган ҳолда, „сув — энергетика — озиқ-овқат“ тартибидаги комплекс ёндашувлар негизида амалга ошириш муҳимдир», — деди давлат раҳбари.

марказий осиё, орол, сув танқислиги

У асосий дастурий ҳужжатлардаги қоидаларда ва лойиҳаларни бажариш борасидаги аниқ олдинга силжишни кўрсатадиган натижаларда фарқлар борлигини таъкидлади.

Шунингдек, у Орол денгизи ҳавзаси мамлакатларига ёрдам кўрсатиш бўйича тўртинчи дастурнинг ижроси билан боғлиқ ҳолат ҳам ташвишга солиши керак, деб ўйлашини айтди.

«Бу борадаги ишлар асосан миллий режалар йўналишида амалга оширилмоқда. Шу муносабат билан Жамғарма бошқарувига амалдаги Дастурни танқидий қайта кўриб чиқиш топшириғини беришни таклиф этаман. Бунда ҳар бир минтақавий лойиҳанинг ҳажмини ва молиялаштириш манбаларини белгилаган ҳолда, «йўл хариталари»ни, шунингдек, уларнинг ижроси бўйича келишилган жадвални тайёрлашни назарда тутиш лозим», — дейди президент.

Шавкат Мирзиёев устувор минтақавий лойиҳаларни илгари суриш учун инвестиция, технология ва техник кўмакни жалб этиш масалалари бўйича тизимли ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини маълум қилди.

«Мамлакатларимизнинг ҳар бири аниқ мақсадли кўрсаткичларни белгилаган ҳолда, минтақавий лойиҳаларга четдан кўмакни жалб этиш бўйича ўзига мажбурият олиши лозим», — деди у.

Ўзбекистон президенти жамғарманинг ишчи органларига халқаро консультантлар иштирокида Амударё ва Сирдарё ҳавзаларини ривожлантириш бўйича узоқ муддатга мўлжалланган режалар ишлаб чиқиш топшириғини бериш мақсадга мувофиқ бўлишини айтди.

«Ушбу дарёлар ҳавзаларида вазиятнинг ривожланиши бўйича турли сценарийларни моделлаштиришни назарда тутиш муҳимдир. Бундай стратегик ҳужжатларнинг қабул қилиниши минтақамизда сув-энергетика ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш сиёсатини мувофиқлаштиришга имкон беради, деб ишонаман», — деди президент.

Унинг таъкидлашича, сув ва бошқа табиий ресурслардан тежаб-тергаб фойдаланиш маданиятини шакллантириш, махсус дастурни қабул қилган ҳолда, ёшлар ташаббуслари ва стартапларини қўллаб-қувватлаш масалаларида ёшлар билан ишлашни минтақавий даражада ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Ушбу масалаларни кўриб чиқишда Превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ фаол жалб этилишига умид қилишини билдирди.

Президент Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси доирасида Сувни тежаш миллий дастурини ишлаб чиқиш режалаштирилганини айтди.

«Биз сувни тежаш соҳасини ;амғарма фаолиятининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб, бу борада ҳамкорлигимизни кучайтиришимиз мумкин.», — деди у.

Ўзбекистон сув ресурслари, энергетика ва экология вазирларининг мунтазам учрашувлари учун минтақавий платформа ташкил этишни ҳам таклиф қилмоқда.

Шавкат Мирзиёев Афғонистон томонидан Амударёдан қурилаётган Қўштепа канали ҳақида гапирар экан, «Моҳият-эътиборига кўра, минтақамизда сувдан фойдаланиш жараёнида бизнинг мамлакатларимиз билан ҳеч қандай мажбурият асосида боғланмаган янги иштирокчи пайдо бўлди», деди.

Каналнинг ишга туширилиши «Марказий Осиёдаги сувдан фойдаланиш тартиби ва мувозанатини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин», деб таъкидлади ва канал қурилишининг барча жиҳатларини ва унинг Амударёнинг сув режимига таъсирини ўрганиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга чақирди.

Шунингдек, у Афғонистон вакилларини сув ресурсларини тақсимлаш бўйича минтақавий мулоқотга жалб этиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилди.

марказий осиё, орол, сув танқислиги

Саммитда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг биринчи ўринбосари Адилбек Қосималиэв ва БМТ Бош котибининг махсус вакили — БМТнинг Превентив дипломатия бўйича Марказий Осиё минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе қатнашди.

2024−2026 йилларда ОҚХЖга раислик Тожикистондан Қозоғистонга ўтди.