Ўзбекистонда 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни якшанба кунига тўғри келиши туфайли 2 октябрь, душанба куни ҳам дам олиш куни бўлади. Бу янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида белгиланган.

Кодекснинг 208-моддасига кўра, дам олиш куни ишланмайдиган байрам кунига тўғри келган тақдирда, дам олиш куни байрамдан кейинги иш кунига кўчирилади. Бунда ишлаб чиқариш-техник ва ташкилий шароитлар (мавжуд узлуксиз ишлаб чиқариш, аҳолига ҳар куни хизмат кўрсатиш, навбатчилик асосида ишлаш ва бошқалар) туфайли ишланмайдиган байрам кунлари тўхтатиб қўйиш мумкин бўлмаган ишларни бажаришда дам олиш кунлари кўчирилмайди.

Шунингдек, дам олиш кунларидан ва ишланмайдиган байрам кунларидан ходимларнинг оқилона фойдаланиши мақсадида дам олиш кунлари Ўзбекистон президентининг фармони билан бошқа кунларга кўчирилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, кодексда қуйидаги кунлар ишланмайдиган байрам кунлари этиб белгиланган:

  • 1 январь — Янги йил;
  • 8 март — Хотин-қизлар куни;
  • 21 март — Наврўз байрами;
  • 9 май — Хотира ва қадрлаш куни;
  • 1 сентябрь — Мустақиллик куни;
  • 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни;
  • 8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни;
  • Рўза ҳайит (Ийд ал-Фитр) диний байрамининг биринчи куни;
  • Қурбон ҳайит (Ийд ал-Адҳа) диний байрамининг биринчи куни.

Янги таҳрирдаги кодекс 2023 йил 30 апрелдан кучга кирган.