Ўзбекистонда дам олиш куни ишланмайдиган байрам кунига тўғри келиб қолса, дам олиш куни кейинги кунга кўчирилади. Ушбу тартиб Меҳнат кодексининг ярим йилдан сўнг — 2023 йил 30 апрелдан кучга кирадиган янги таҳририда кўзда тутилган.

Меҳнат кодексининг амалдаги ва янги таҳририга кўра, қуйидагилар байрам (ишланмайдиган) кунлари ҳисобланади:

  • 1 январь — Янги йил;
  • 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни;
  • 21 март — Наврўз;
  • 9 май — Хотира ва қадрлаш куни;
  • 1 сентябрь — Мустақиллик куни;
  • 1 октябрь — Устоз ва мураббийлар куни;
  • 8 декабрь — Конституция куни;
  • Рамазон Ҳайитининг биринчи куни (Ийд-ал-Фитр);
  • Қурбон Ҳайитининг биринчи куни (Ийд-ал-Адҳа).

Меҳнат кодексининг амалдаги таҳрири байрам куни якшанбага тўғри келиб қолса, кейинги кун дам олиш куни бўлишини назарда тутмайди. Амалиётда бундай ҳолатлар тез-тез учраб туради. Бунда, одатда, қўшимча дам олиш кунлари президент имзолаган ҳужжатлар билан тақдим этилади.

«Агар дам олиш куни якшанба кунига тўғри келиб қолса, унда навбатдаги иш куни дам олиш куни сифатида эълон қилинадими? Дам олиш куни ишга чиқиш сўралганлар ёки шунга мажбур этилганлар-чи? Улар қандай йўл тутиши керак?», — дея таъкидлаганди депутатлар қонун лойиҳасининг муҳокамасида.

Кодекснинг янги таҳририда дам олиш куни ишланмайдиган байрам кунига тўғри келса, у ҳолда дам олиш куни ишланмайдиган байрам кунидан кейинги иш кунига кўчирилиши кўрсатиб ўтилган (масалан, якшанба — дам олиш куни 1 сентябрга тўғри келса, дам олиш куни душанбага кўчирилади).

Ишлаб чиқариш-техника шароитлари ва ташкилий шароитларга (узлуксиз ишлайдиган корхоналар, аҳолига кундалик хизмат кўрсатиш ва бошқалар) кўра ишни тўхтатиб туриш мумкин бўлмаган жойларда ишланмайдиган байрам кунлари ишларни бажарганда дам олиш кунлари кўчирилмайди.

Дам олиш кунларидан ва ишланмайдиган байрам кунларидан ходимларнинг оқилона фойдаланиши мақсадида дам олиш кунлари президент фармони билан бошқа кунларга кўчирилиши мумкин.

Кодексда назарда тутилган ҳоллардан ташқари дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларида ишлатиш тақиқланади, дейилади ҳужжатда.