Қозоғистон парламенти Мажилиси (қуйи палатаси) депутатлари яқин атрофда фаолият кўрсатаётган мактаблар, болалар боғчалари ва бошқа ижтимоий инфратузилмалар бўлмаса, кўп қаватли турар жой бинолари қуришни тақиқловчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда депутат Асхат Аягамбетовга таяниб, Vlast.kz хабар бермоқда.

Қонун лойиҳаси яқинда Остона ва Кокшетаудаги мактабларда ўқувчиларнинг кўпайиб кетиши фонида эълон қилинган. Сентябрь ойи бошида ижтимоий тармоқларда Остонадаги иккита мактаб йўлаги ва зинапоясида болалар тиқилинчда қолгани акс этган видео тарқалди. Унда ўқувчиларнинг бир қанчаси ёрдам сўраб бақиргани ҳам эшитилган. Ҳар икки мактаб уч сменада ишлайди.

«Уч сменали мактаблар сони сезиларли даражада камайгани йўқ, жумладан, мегаполисларимизда тайёр ижтимоий инфратузилма мавжуд бўлмаган жойларда қурилиш ишлари олиб борилаётгани сабабли. Аҳоли пунктлари деб аталмиш фаол ривожланаётган жойларда улар уч сменада ўқишади. Аммо болаларнинг айби йўқ. Ҳокимлик бундай кўп қаватли турар жой биноларига рухсат бераётганда бундай очиқ-ойдин нарсаларни ҳисобга олмаган», — деди Аямагамбетов (Vlast.kz дан иқтибос).

Аймагамбетовнинг сўзларига кўра, айрим ҳудудларда янги таълим муассасаларининг қурилиши «ҳатто мактаб қуриш учун жой йўқлиги» туфайли мураккаблашмоқда. Унинг таъкидлашича, маҳаллий ҳокимият «мактабга туташган қўшимча бинолар орқали вазиятдан чиқишга ҳаракат қилмоқда», аммо «бу ечим эмас» ва муаммо тизимли ёндашувни талаб қилади.

«Қонун лойиҳасида, агар у ерда тайёр мактаблар, болалар боғчалари ва ижтимоий инфратузилма мавжуд бўлмаса, бундай кўп қаватли турар жой биноларини қуришга рухсат бериш тақиқланади… У ерда бир сменали мактаб бўлсагина қурилишга рухсатнома берилади. Бу муаммони ҳисобга олиш керак», — деди депутат.

Ҳозир қонунчилар ҳукуматдан хулоса кутишмоқда, дея қайд этади нашр.