Жиззах ва Қашқадарёда қарийб 15,5 кг гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний савдоси аниқланди, дея хабар қилди Давлат хавфсизлиги хизмати ахборот хизмати.

ДХХнинг Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят божхона бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Тожикистоннинг Сўғд вилояти Панжикент туманида яшовчи, 1970 йилда туғилган Тожикистон фуқароси Жиззах вилоятининг Бахмал туманида яшовчи, 1983 ва 1984 йилларда туғилган 2 нафар таниши билан ўзаро тил бириктириб, Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан келтирилган 9 кг 530 гр «опий» моддасини 55 минг АҚШ долларига сотган вақтларида ушланди.

ДХХ ходимлари томонидан вилоят ИИБ билан ҳамкорликда Зомин туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса 1958, 1976 ва 1985 йилларда туғил 3 нафар Тожикистон фуқаролари ушланиб, улардан 2 кг 986 гр «гашиш» моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, уларни Даштобод шаҳарчасидаги умумий овқатланиш масканида кутиб турган, 1979 йилда туғилган яна бир Тожикистон фуқароси ушланди. Аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситаси ҳам Тожикистондан олиб келинган.

ДХХ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят божхона ва ички ишлар бошқармалари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, «Бухоро — Қашқадарё» йўналишида ҳаракатланаётган, Бухоро шаҳрида яшовчи, 1982 йилда туғилган шахс бошқарувидаги Matiz Муборак туманидаги «Ширинбулоқ» ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилган.

Натижада автомашинада у билан бирга келаётган ҳамшаҳари, 1998 йилда туғилган фуқаронинг ёнида 973 гр «героин» моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида, Бухоро вилоятининг Когон туманидаги дала майдонига 1 кг 968 гр «героин» моддаси кўмиб қўйилганлиги аниқланиб, ушбу гиёҳвандлик воситаси ҳам процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан Давлат хавфсизлик хизматининг жойлардаги тергов бўлимлари томонидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246- (Контрабанда) ва 273- (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.