Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонга инсон капиталини ривожлантириш учун 93 млн доллар миқдорида маблағ йўналтиради. Бу ҳақда ҳукумат порталида маълум қилинди.

12 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев банкнинг Инсон ресурсларини ривожлантириш сектори раҳбари Аяко Инагаки бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.

Унда мамлакатда инсон капиталини ривожлантириш соҳасида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги ташаббусларни амалга ошириш борасида музокаралар олиб борилди.

Шунингдек, «Замонавий иқтисодиёт учун кўникмаларни ривожлантириш» лойиҳаси бўйича Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки ўртасида тузилган 93 млн доллар миқдоридаги битим ижросини амалга ошириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон саноат тармоқларининг рақобатбардошлигини ошириш, ёшлар ва иш билан банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш орқали инклюзив ўсишни рағбатлантиришга қаратилган.

Мазкур лойиҳа қурилиш, тўқимачилик ва тикувлик саноати, ахборот-коммуникация технологиялари, агробизнес ва озиқ-овқат саноати, техника ва ускуналарга хизмат кўрсатиш каби тармоқларда малакали ишчи кучи сифатида инсон ресурсларини ривожлантиради.