Ижтимоий тармоқларда «Куёв араб шайхларига ҳавас қилган кўринади» номли тўй маросими акс этган видео тарқалди. ИИВ видеога муносабат билдириб, куёв жаримага тортилганини маълум қилди. Адлия вазирлиги эса ИИВнинг нотўғри талқини ортидан ўрганиш олиб борди.

ИИВ хабарига кўра, тўй 31 август куни Наманган вилоятида ўтказилган. Шундан сўнг 2000 йилда Наманган вилоятида туғилган куёв И.А вилоят ИИБга таклиф этилган.

«Ўтказилган суҳбат давомида „И.А“ ўз ташаббуси билан шахсий диний қарашларидан келиб чиққан ҳолда тўйда келинга ноанъанавий кийимлар (бурқа шаклидаги) кийдириб ҳамда диний куй-қўшиқлардан фойдаланиб, тадбирга диний тус берганлигини маълум қилди», — дейилади расмий муносабатда.

ИИВ «Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонунига асосан, жинс бўйича билвосита камситиш, яъни бир жинсдаги шахсларни бошқа жинсдаги шахсларга нисбатан ноқулайроқ ҳолатга тушириб қўядиган вазиятларни, ҳолатларни ёки мезонларни яратиш, шу жумладан гендер тенгсизликни оммавий ахборот воситалари, таълим, маданият орқали тарғиб этиш, муайян жинсдаги шахслар учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган шарт-шароитлар ёхуд талаблар белгиланишига йўл қўйилмаслигини» эслатиб ўтган.

Бундан ташқари, вазирлик «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунининг 10-моддасига биноан, мамлакатда ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва тарқатиш диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин амалга оширилиши ва қонуннинг 5-моддасига кўра, мамлакатда виждон эркинлигини таъминлашнинг асосий устуворликларидан бири сифатида жамоат тартибига, фуқароларнинг соғлиғи ва ахлоқига, ҳуқуқ ва эркинликларига таҳдид солувчи диний ғоялар ҳамда қарашларнинг сингдирилиши ва тарқатилишига қарши курашиш белгилаб қўйилганини эслатган.

Якунда суд томонидан фуқаро И.А.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184−2-моддаси (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан БҲМнинг 5 баробари миқдорида (1 650 000 сўм) жарима жазоси тайинланди.

Бироқ вазирлик матбуот хизмати арабча либос, шу жумладан бурқа кийиш Ўзбекистонда тақиқлангани ва бунинг учун жавобгарлик белгиланган ёки йўқлигига аниқлик киритмаган. Тушунарсиз талқин ортидан тармоқларда куёв келинга бурқа кийдиргани учун жаримага тортилди деган гап-сўзлар тарқала бошлади, бу эса жамоатчиликнинг кенг муҳокамасига сабаб бўлди.

Аслида эса бурқа кийишни тақиқловчи қонун лойиҳаси 5 сентябрь куни депутатлар томонидан маъқулланиб, Сенатга юборилган. Сенат ялпи мажлисида мазкур масала ҳали кўриб чиқилмади, қонун президент томонидан ҳам қабул қилинмади.

«Газета.uz» ҳолатга аниқлик киритиш учун ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов билан боғланди ва «Мақолада батафсил берилган», дея жавоб берди. Қайта юборилган аниқлаштирувчи саволларни эса хат орқали юборишни сўраш билан чекланди.

Мазкур масала юзасидан тармоқлардаги англашилмовчиликка Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов ҳам муносабат билдирди.

«Наманган вилояти ИИБ шу йилнинг 30 августида никоҳ тўйида араблар либосидан фойдаланган бир йигитни жаримага тортибди. Уни исломий тўй қилганлик, тўйига диний тус берганлик, таргиботда айблашган. Йигитнинг арабча кийингани, келинни араб либосида олиб келгани танқид қилинибди. Бундан бир неча кун аввал таниқли хонанда Муниса Ризаева турмушга чиқаётиб, ҳиндча тўй қилганди. Ижтимоий тармоқларга кўра, ҳатто тўйга келувчи меҳмонларнинг ҳам ҳиндча кийиниши талаб қилинган. Тўйда ҳиндларнинг урф-одатларига тақлид қилинган. Бироқ унинг ҳиндча тўйи бутун медиа воситаларида тарғиб қилинганига қарамай у жазоланмади», — дейди у.

«Мамлакатда қонун, конституциявий тузум битта. Қонуний таъқиблар бир хил. Ҳеч кимнинг диний, ирқий низо чиқаришига йўл қўйилмайди. Буни ҳамма билади: лекин, нега фуқаро араб либосини танласа жазоланади-ю, ҳинд либосини кийса, улуғланади?! Фарқ нимада? Агар Наманган вилояти суди фуқарони бошқа миллат либосини кийганлиги учун жазолаган бўлса, Тошкент шаҳар судлари нега Муниса Ризаевани жазоламади?» — дея саволлар билан юзланган Ташанов.

Шунингдек, у орадаги фарқни Адлия вазирлиги мутахассислари тушунтириб беришларини сўраган. Ва бу саволга Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева жавоб ҳам берган.

иив, нотўғри талқин, тўй

«Мазкур ҳолат Адлия вазирлиги томонидан ўрганилди. Аниқланишича, куёв арабча либосда тўй ўтказганлиги учун эмас, балки турли хил диний мазмундаги видео ёзувларни сақлаб „Telegram“ ижтимоий тармоғи орқали қонунга хилоф равишда тарқатганлиги учун жавобгарликка тортилган», — дейди вазирлик вакиласи.

ЖИБ Уйчи туман судининг 11 сентябрдаги қарорига асосан А.И.га МЖтКнинг 184−2-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этилган деб топилиб, унга шу моддага ассоан 33-моддани (Енгилроқ маъмурий жазо чорасининг қўлланилиши) қўллаб БҲМнинг 5 баробари миқдорида (1 650 000 сўм) жарима жазоси тайинланган.

Адлия вазирлиги матбуот котиби шунингдек, суд ҳокимияти мустақиллиги, унинг фаолиятига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги ва унинг устидан фақатгина юқори турувчи судга мурожаат этиш мумкинлигини эслатиб ўтган.