Аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси олти ойлик пасайишидан кейин август ойида кескин ошди. Ўтган ойда у 1,7 фоиз пунктга ошиб, 14,5 фоизга етди, дея хабар берди Марказий банк.

инфляция, марказий банк, сезилган инфляция

Охирги марта бу кўрсаткич январь ойида — аномал совуқлар фонида ошганди. Ўшанда аҳоли инфляция даражасини 19,5 фоиз деб баҳолаганди.

Август ойида йиллик ҳисобда 8,96 фоизни ташкил этган расмий инфляция билан орадаги фарқ 5,5 фоизга етди (июлда бу фарқ 3,8 фоиз эди).

Респондентларнинг аксарияти (тахминан 32 фоиз) нархлар 9−12 фоиз ва 17−20 фоизга ошганини сезган, уларнинг сони июль ойига нисбатан ошди. Инфляция 13−16 фоиз, 21−25 фоиз ва 31 фоиз ва ундан юқори деб баҳолаган респондентлар сони ҳам ошган.

инфляция, марказий банк, сезилган инфляция

Ҳудудлар кесимида ўтган ойда сезилган инфляция даражаси Тошкент шаҳрида (16,4 фоиз, июнда 17 фоиз эди), Сирдарё вилоятида (16,2 фоиз, июнда 13,5 фоиз эди), Тошкент вилоятида (15,6 фоиз, июнда 13,3 фоиз эди) энг юқори бўлди. Нархларнинг энг кам ўсиши Наманган (13 фоиз, июнда 13,1 фоиз эди), Хоразм (13,1 фоиз, июнда 12,6 фоиз эди) ва Қашқадарё вилоятларида (13,3 фоиз, июнда 12,8 фоиз эди) сезилди.

Респондентларнинг аксарияти гўшт ва сут (45 фоизи, июнь ойида шакар ва қандолат маҳсулотлари биринчи ўринда эди), бензин ва ёқилғи (40 фоизи), қурилиш материаллари (33 фоиз), пойабзал ва кийим-кечак (29 фоиз), мева ва сабзавотлар (25 фоиз) нархларининг юқори даражада ўсишини ҳис қилган.

инфляция, марказий банк, сезилган инфляция

Аҳолининг деярли барча гуруҳлари (даромадлари 1 миллион сўмдан кам бўлганлардан тортиб 15 миллион сўмгача бўлганларгача) ҳамма нарсадан кўра кўпроқ гўшт ва сут, бензин ва ёқилғи, шунингдек, қурилиш материаллари нархларининг ошишини ҳис қилди.

Энг бой уй хўжаликлари (15 миллион сўм ва ундан юқори даромадли) кафе ва ресторанлар хизматлари (51 фоизга), шунингдек, бензин ва ёқилғи (49 фоиз) нархларининг ошганини қайд этган.

инфляция, марказий банк, сезилган инфляция

Маълумот ўрнида, расмий эълон қилинадиган инфляция даражаси кўп сонли уй хўжаликларининг талаби асосида шаклланган истеъмол нархлари индекси саватидаги барча товар ва хизматлар умумий нархлари даражасидаги ўзгаришларни акс эттиради.

Шахсий (сезилган) инфляция жисмоний шахс ёки оиланинг кундалик ҳаётида истеъмол қилинадиган товарлар ва хизматлар нархларининг ўзгариши асосида шаклланади. Агар мунтазам равишда сотиб олинадиган маҳсулот нархи ошиб борса, у камдан-кам ҳолларда сотиб олинадиган маҳсулот нархининг ошишига қараганда кўпроқ нарх ошиши ҳиссини уйғотади.