2023 йилнинг 8 ойи давомида 28 минг 207 нафар Ўзбекистон фуқароси хорижий давлатларга манзилли ва ташкиллаштирилган тартибда ишга жойлаштирилди, дея хабар бермоқда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги.

Инфографика: Миграция агентлигиИнфографика: Миграция агентлиги

Хусусан, уларнинг энг кўпи Россия (20 450 нафар), Жанубий Корея (3184) ва Буюк Британия (1809)га кетган.

Бундан ташқари, Россияда бўлиб турган ва ишсиз қолган 1037 нафар, Қозоғистонда 100 нафар, Буюк Британияда эса 55 нафар фуқаро ишга жойлаштирилган.

Январь-август ойларида 9298 нафар меҳнат мигрантига ҳуқуқий ёрдам, 161 минг 610 нафар мигрантга маслаҳат хизмати, 8006 нафарига ижтимоий ёрдам, 1993 кишига эса моддий ёрдам кўрсатилган.

Меҳнат мигрантларининг иш берувчилар томонидан тўланмай турган 676,3 минг долларлик иш ҳақи ва пулли компенсациялари ундириб берилган.

2023 йил июль ойида бандлик вазири Беҳзод Мусаев йилдан-йилга ўзбекистонлик мигрантларнинг мамлакатдан кетиши эмас, қайтиши сони ортиб бораётганини айтганди. Унга кўра, мигрантлар 2 млн нафарни ташкил этмоқда. 2022−2023 йилларда ташкилий тарзда 60 минг киши ишга жўнатилган ва уларнинг ўртача маоши 1200 доллар бўлган.