Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Тошкентда Япония Халқаро ёшлар палатаси президенти Масаҳиро Асо билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ раҳбари ўзининг Telegram-каналида хабар қилди.

«Палатанинг Ўзбекистонда филиалини очиш ташаббусини олқишлаймиз», — деб ёзди ТИВ раҳбари.

«Бу халқларимизни боғловчи яна бир муҳим кўприк бўлиб, қўшма лойиҳаларни биргаликда рўёбга чиқариш ва, айниқса, ёшларнинг улкан салоҳиятидан фойдаланишда янги имконият бўлиб хизмат қилади», — дея таъкидлади Бахтиёр Саидов.

1949 йилда ташкил этилган Япония Халқаро ёшлар палатаси 20 ёшдан 40 ёшгача бўлган ёшларни бирлаштирган. Япония Халқаро ёшлар палатаси уч тамойил — таълим, хизмат ва дўстликка таянган ҳолда «яхшироқ жамият яратишга интилади ва ижтимоий масалаларда фаол ишлайди», дейилади ташкилот сайтида.

Палата ишида иштирок этаётган ёшлар турли билим ва бошқарув тажрибасига эга бўлиб, бунинг натижасида улар, жумладан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига, депутатликка сайланиш учун ариза топширишлари мумкин.

1915 йилда АҚШда ташкил этилган Халқаро Ёшлар Палатаси (JCI) таркибига кирувчи Япония палатаси турли мамлакатлардаги бошқа ёшлар палаталари билан ҳамкорлик қилади ва халқаро тадбирларни, жумладан, талабалар алмашинувини амалга оширади.