«Андижон» халқаро аэропортида янги аэродром мажмуаси қурилишининг биринчи босқичи бошланди, деб хабар берди Uzbekistan Airports компанияси матбуот хизмати.

Реконструкция доирасида янги аэродром мажмуаси, жумладан, узунлиги 3400 м ва эни 60 м бўлган учиш-қўниш йўлаги, юриш йўлаклари, самолётлар учун еттита тўхташ жойига эга перронни қуриш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, аэродром мажмуасида барча турдаги ҳаво кемаларини тунги вақтда ва қийин об-ҳаво шароитида қабул қилиш/жўнатиш имконини берувчи ICAO иккинчи (CAT-II) тоифали ёритиш мосламалари ўрнатилади.

«Аэропортнинг мавжуд учиш-қўниш йўлаги узунлиги 2985 метр ва эни 44 метр бўлиб, йўл қопламасининг юк кўтариш қобилияти пастлиги, шунингдек, замонавий ёритиш тизимининг йўқлиги сабабли кўплаб турдаги самолётларни қабул қилишда ва тунда фаолият олиб боришда чекловлар мавжуд эди», — дейилади хабарда.

Лойиҳа 2023−2024 йилларда амалга оширилади.