Сешанба куни Сеулда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида Савдо ва инвестицияларни ривожлантириш бўйича шартнома (Trade and Investment Promotion Framework, TIPF) имзоланди, деб хабар қилди Корея Республикаси Саноат, савдо ва энергетика вазирлиги.

Ҳужжатни Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Ойбек Хамраев ва Жанубий Корея саноат, савдо ва энергетика вазири ўринбосари Чон Тэ Чжин имзолади.

TIPF янги механизм бўлиб, у орқали Жанубий Корея вазирлиги етказиб бериш занжирини ривожлантириш, рақамли ва биотехнология каби соҳаларда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва ишончни мустаҳкамлаш ниятида.

Ўзбекистон Марказий Осиёда Корея билан бундай шартномани имзолаган биринчи давлат бўлди ва умумий ҳисобда БАА, Баҳрайн, Доминикан Республикаси, Венгрия, Польша ва Мадагаскардан кейин еттинчи мамлакатга айланди.

«Ўзбекистон молибден захиралари бўйича дунёда 12-ўринни ва уран захиралари бўйича 7-ўринни эгаллайди ва TIPF`нинг имзоланиши Кореяга бўлажак етказиб бериш занжирларини барқарорлаштиришга ҳисса қўшиши кутилмоқда», — дейилади Жанубий Корея вазирлиги баёнотида.

Имзолаш маросими Ўзбекистон-Корея бизнес-форуми доирасида бўлиб ўтди, унда ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидова ҳам иштирок этди.

Якшанба куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Сеулда Жанубий Корея бош вазири Хан Док Су билан музокаралар ўтказди. Жанубий Кореянинг Yonhap агентлиги хабарига кўра, томонлар энергетика, инфратузилма, кончилик, мудофаа ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган.

Бахтиёр Саидов ва Корея ташқи ишлар вазири Пак Чин ҳам икки давлат Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида Стратегик мулоқотни бошлаб берди. «Мазкур платформа мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ишонч ва яқин шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган», — деди Бахтиёр Саидов.

Бундан ташқари, у Яшил ўсиш глобал институти (GGGI) кенгаши раиси, ассамблея президенти ва БМТ собиқ бош котиби Пан Ги Мун билан учрашди. «GGGI`нинг Ўзбекистон бўйича 2021 — 2025 йилларга мўлжалланган режалаштириш стратегияси» ва «2019−2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг „яшил“ иқтисодиётга ўтиш стратегияси» доирасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин Жанубий Корея бош вазири ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Чу Кюнг Хон Тошкентга ташриф буюрганди. Музокаралар давомида мамлакатлар Қорақалпоғистондаги Сурғил конидан газ қазиб олувчи Uz-Kor Gas Chemical қўшма газ лойиҳаси бўйича тўланмаган 1 миллиард доллар қарзни қоплашга келишиб олган.