Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Гулистон давлат педагогика инситутига янги ректорлар ҳамда Беларус-Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институтига ижрочи директор тайинланди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар қилди.

Тўхтасинов Илҳомжон Мадаминович Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг ректори этиб тайинланди ва шу муносабат билан Самарқанд давлат чет тиллари институтининг ректори лавозимидан озод этилди.

Фото: Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигиФото: Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги

Илҳомжон Тўхтасинов 1980 йилда туғилган, педагогика фанлари доктори, профессор.

Илҳомжон Тўхтасиновнинг жами илмий-услубий ишлари 138 тани ташкил этиб, унинг муаллифлигида 10 та дарслик, 6 та монография, 84 та ўқув ва услубий қўлланма нашр этилган. 19 та патент ва гувоҳномалар олинган. Халқаро илмий техник базалардаги журналларда унинг 9 та мақоласи нашр этилган бўлиб, «Хирш индекси» 19 ни ташкил этади. Шунингдек, у томонидан 18 та ўзбек тилидаги машҳур асар ва романлар инглиз тилига таржима қилиниб, нашр этилган.

Илҳомжон Тўхтасинов раҳбарлигида сўнгги 2 йилда 7 нафар профессор, 9 нафар фан доктори (DSc), 25 нафар доцент ва 48 нафар фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олган. Шу билан бирга, унинг илмий раҳбарлигида 12 нафар фалсафа фанлари доктори (PhD) ва 2 нафар фан доктори (DSc) илмий даражаларини ҳимоя қилган.

Қаршибоев Жаҳонгир Ҳазратқулович Гулистон давлат педагогика инситути ректори этиб тайинланди.

ректор, тайинловлар

Жаҳонгир Қаршибоев 1980 йилда туғилган, тайинловга қадар Гулистон давлат педагогика институтида ўқув ишлари бўйича проректор ва бошқа турли масъул лавозимларда фаолият юритган. Биология фанлари доктори, доцент.

Бундан ташқари, Султонова Шаҳноза Абдуваҳитовна Тошкент шаҳридаги Беларус-Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институтининг ижрочи директори этиб тайинланди.

ректор, тайинловлар

Шаҳноза Султонова 1982 йилда туғилган, техника фанлари доктори, доцент. У кимё технологияси ва озиқ-овқат ишлаб чиқариш жараёнлари ва аппаратлари йўналишлари бўйича илмий-тадқиқотлар олиб бораётган олимлардан бири бўлиб, илмий-тадқиқотлар юзасидан жами 320 дан ортиқ илмий иш қилган, улардан 10 таси монография ва 23 таси Сcопус базасига кирган журналларда чоп этилган. ҳ-индекси 6 га тенг, 121 таси илмий мақола, шундан, 78 таси нуфузли хорижий илмий журналларда нашр этилган. Охирги 3 йил мобайнида 190 дан ортиқ илмий иш, шундан, 72 таси хорижий нашрларда чоп қилинган. У 9 та патент ва 9 та дастурий маҳсулот муаллифи ҳам.

Султонова Шаҳноза илмий-тадқиқот лойиҳалари доирасида 6 та давлат гранти асосида илмий-тадқиқотлар олиб борган, шундан 2 та (ёшлар амалий ва стартап инновацион) лойиҳанинг раҳбари бўлган. У педагогик фаолияти давомида 4 та дарслик, 1 та ўқув қўлланма, 4 та услубий кўрсатма чоп эттирган.

У 2017 йил «Олий таълим муассасасининг энг яхши педагоги» танлови республика босқичининг «Ишлаб чиқариш технологиялари» таълим соҳаси бўйича «Энг яхши педагог-тадқиқотчи» номинацияси ғолиби бўлган. Шаҳноза Султонова 2019 йилда «Эл-юрт жамғармаси» стипендия танловида Малака ошириш таълим дастури бўйича ғолиб деб топилиб, Истанбул техника университетида малака оширган.

Шаҳноза Султонова Жанубий Кореяда ташкил этилган ихтирочи аёлларнинг халқаро кўргазмаси KIWIE 2019 ва 2022 йилларда ўзининг ихтиро ва ишланмалари билан иштирок этиб, олтин медаль соҳибаси бўлган.