Жума куни Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги иккита муҳим ҳужжат имзоланди. Жараён Тошкентда ўтаётган биринчи Ўзбекистон — АҚШ соғлиқни сақлаш ҳафталиги доирасида бўлиб ўтди.

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов ва АҚШ элчиси Жонатан Хеник имзолаган келишувга кўра, Ўзбекистон АҚШ Глобал соғлиқни сақлаш хавфсизлиги дастурининг 50 та ҳамкор-мамлакатидан бирига айланади, АҚШ ушбу соҳада кенг кўламли ёрдам кўрсатмоқда.

Ушбу дастур бўшлиқларни тўлдириш ва соғлиқ хавфсизлиги таҳдидларининг олдини олиш, аниқлаш ва уларга жавоб бериш учун мамлакатларнинг соғлиқни сақлаш хавфсизлиги имкониятларини кучайтиришга қаратилган.

«Ушбу дастурга қўшилиш касалликнинг тарқалишининг олдини олиш, таъминот занжирларини мустаҳкамлаш ва келажакда юзага келиши мумкин бўлган пандемияларга тайёргарлик кўриш учун АҚШдан қўшимча молиялаштириш учун эшикларни очади», — деди АҚШ элчиси форумдаги нутқида.

У Ўзбекистон ва АҚШ соғлиқни сақлаш соҳасида узоқ йилдан бери ҳамкорлик қилаётганини таъкидлади. Ҳамкорлик USAID билан 30 йилдан бери, АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) билан эса 20 йилдан бери давом этмоқда. Ўттиз йил ичида АҚШ Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳасига 175 миллион доллардан ортиқ сармоя киритган.

2020 йилда АҚШ коронавирусга қарши кураш доирасида ушбу ҳамкорликни кенгайтирди. Ўзбекистонга COVID-19`га қарши 10 миллион дозага яқин вакцина ва 18 миллион долларга яқин маблағ ажратилди.

«Биз нафақат соғлиқни сақлаш соҳасидаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш, балки янги ва келажакдаги муаммоларга қарши туриш учун ишчи кучимиз ва соғлиқни сақлаш тизимимизнинг салоҳиятини ошириш устида ишламоқдамиз», — деди Жонатан Хеник.

Элчининг сўзларига кўра, яқинда ўтказилган серологик тестлар Ўзбекистон аҳолисининг 98 фоизида коронавирусга қарши антитаначалар мавжудлигини кўрсатган. «Бу Ўзбекистон ҳукумати томонидан муваффақиятли амалга оширилаётган эмлаш кампаниясининг тасдиғидир», — деди у.

Мамлакатлар ҳамкорлик қилаётган яна бир асосий йўналиш бу сил касаллигига, хусусан, дори воситаларига чидамли силга қарши курашдир. 2015 йилдан бери АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Ўзбекистонда сил касаллигини аниқлаш, даволаш ва олдини олиш тизимини мустаҳкамлаш бўйича тадбирлар учун 50 миллион доллар ажратди.

ақш, usaid, соғлиқни сақлаш

Шунингдек, соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов ва USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Дэвид Хоффман Ўзбекистонда силга қарши хавфсиз ва сифатли ва бошқа дори воситаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида USAID ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолади.

Ҳужжат одамлар ишонч билан фойдаланиши мумкин бўлган ва Ўзбекистоннинг ўзида тобора кўпроқ ишлаб чиқариладиган хавфсиз ва сифатли дори воситаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради, деди USAID миссияси раҳбари.

«Дори воситаларининг сифати глобал муаммо бўлиб қолмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, паст ва ўрта даромадли мамлакатлардаги дори воситаларининг қарийб 10 фоизи, афсуски, халқаро сифат стандартларига жавоб бермайди. Бу сиёсатга ҳам, жамоат саломатлигига ҳам таҳдиддир», — дейди Хоффман.

Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги фармацевтика саноатидаги ҳамкорлик йил сайин кенгаймоқда. Агар 2016 йилда ушбу соҳадаги ўзаро савдо ҳажми 3,5 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 32 миллион долларни ташкил этди.

«Ўзбекистондаги айрим ишлаб чиқарувчилар биринчи марта ЖССТ стандартларига эришганини ва нафақат Ўзбекистонда қўлланиши мумкин бўлган, балки халқаро харидлар ва экспорт учун олдиндан саралашдан ўтган силга қарши дори воситаларини ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлганидан жуда мамнунман», — дейди Хоффман.

USAID АҚШ фармакопеяси (АҚШ давлат дори-дармон стандартларини белгиловчи нодавлат ташкилот) орқали «Дори-дармон сифатини ошириш+» дастури орқали Ўзбекистондаги ҳамкорлари билан дори сифати тизимини барқарор мустаҳкамлаш ва асосий дори воситалари ва тиббий буюмлардан фойдаланиш имкониятини яхшилаш устида ишламоқда.