Шавкат Мирзиёев 8 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон Энергетика вазирлигига саноат корхоналарини олдиндан хабардор қилмасдан электр таъминотидан узиш амалиётига «қатъий чек қўйиш» бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Давлат раҳбари, аввало, энергия ресурслари таъминоти билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратиш муҳимлигини кўрсатди.

Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёев бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги комиссияга бир ой муддатда барча ҳудудларда бўлиб, қўшимча ишлаб чиқариш ҳажмларини ҳисобга олган ҳолда ҳудудларнинг ойлик энергия балансини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди. Шунингдек, комиссия жорий йилда ишга тушириладиган лойиҳаларни бирма-бир хатловдан ўтказиб, уларга зарур энергия ресурсларини ажратиши керак.

Президент қўшимча ишлаб чиқариш ҳажмлари ҳақида гапирар экан, саноат ишлаб чиқариш ҳажмини оширишнинг янги имконият ва захираларини аниқлаш мақсадида ишчи гуруҳлар ҳудудларга борганини таъкидлади. Масалан, Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида йил охиригача қўшимча 1 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.

Жумладан, ишлаб чиқаришни камайтирган 23 та саноат корхонасида қувватларни тиклаш ҳисобига 900 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича барча ҳисоб-китоблар бор. Тумандаги 22 та янги лойиҳани ишга туширишни тезлаштириш эвазига қўшимча 50 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкони бор.

Йиғилишда Андижон, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида ҳам ана шундай имкониятлар борлиги қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» 5 сентябрь куни Тошкентда электрод ва шиша идишлар ишлаб чиқарадиган камида иккита йирик завод электр таъминотисиз қолгани ҳақида хабар берганди. Компаниялар қуёш панеллари йўқлиги учун огоҳлантиришсиз узилганини билдирган. Бунинг ортидан улар катта зарар кўрмоқда.