Африканинг Марокаш давлатида 9 сентябрга ўтар кечаси содир бўлган зилзила оқибатида 1037 дан ортиқ киши ҳалок бўлди, 1200 киши жароҳатланди, деб хабар берди Al Jazeera маҳаллий ОАВга таяниб.

АҚШ Геология хизмати зилзила магнитудаси 6,8 баллни ташкид этгани, эпицентри эса 18,5 км чуқурликда бўлганини маълум қилди.

Марокаш Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, зилзила 8−10 миллион киши истиқомат қиладиган Атлас тоғлари ҳудудидаги олтита провинцияда рўй берган.

Зилзила содир бўлган ҳудуд Марракеш шаҳридан тахминан 70 км узоқликда жойлашган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, шаҳарнинг ЮНEСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган тарихий қисми энг кўп зарар кўрган.

Зилзиладан жабр кўрган ҳудудларда интернет ва электр таъминотида муаммолар кузатилмоқда.

Марокашдаги охирги кучли зилзила 2004 йилда содир бўлган. Унинг магнитудаси 6,5 баллни ташкил этган, 600 га яқин одам ҳалок бўлганди.

Ҳамдардлик

Марокаш ҳудудида юз берган кучли зилзила оқибатида кўплаб одамлар қурбон бўлгани ва жиддий жароҳат олгани, катта талафотлар кўрилгани муносабати билан Шавкат Мирзиёев Марокаш подшоҳи Муҳаммад VI`га таъзия йўллади.

Давлат раҳбари вафот этганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди, жабрланганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади, дейилади Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов берган хабарда.