7−8 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция доирасидаги Агроозиқ-овқат инвестиция форуми ўтказилди. Унда 24 та тўғридан-тўғри инвестиция лойиҳаси бўйича умумий қиймати 857,3 млн долларлик келишувлар имзоланди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Форумда мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги салоҳияти намойиш этилди ва унда 26 та мамлакатдан 100 дан зиёд компания қатнашди. Форум доирасида расмийлаштирилган келишувлар қиймати жами 1,88 млрд долларни ташкил этди.

Жумладан:

  • тўғридан-тўғри инвестициялар — 857,3 млн долларга тенг 24 лойиҳа;
  • грантлар ва халқаро молия институтлари маблағлари — умумий қиймати 707,5 млн долларга тенг 14 та лойиҳа;
  • 319,2 млн долларлик савдо келишувлари расмийлаштирилди.

Маълумот ўрнида, Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция Ўзбекистон ҳукумати томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) техник кўмагида ўтказилди.

Унда дунёда «Ноль очлик» мақсадига эришиш, иштирокчи мамлакатлар ўртасида озиқ-овқат етказиб бериш учун экспресс коридорларни очиш ва бошқалар муҳокама қилинди. Тадбирда 30 дан зиёд мамлакатлардан вазирлар ва дипломатлар, шунингдек, халқаро ташкилотлар, молия институтлари, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Жаҳон банки, Ислом озиқ-овқат хавфсизлиги ташкилоти, Осиё тараққиёт банки ва бошқалардан вакиллар қатнашди.