Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов 7−8 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтган Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция доирасида «Газета.uz» мухбирларига иқлим ўзгаришининг озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришга таъсири, рақамлаштириш, қишлоқ хўжалиги ерларига бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа масалалар юзасидан катта интервью берди.

— Бугунги конференцияда Марказий Осиё ва Ўзбекистондаги иқлим ўзгаришлари ҳақида кўп гапирилмоқда. Иқлим ўзгариши озиқ-овқат хавфсизлигига қандай таъсир қилишини аниқроқ тушунтира оласизми?

— Иқлим ўзгариши туфайли юзага келадиган энг катта муаммо ҳеч нарсани олдиндан айтиб бўлмаслик ҳисобланади. Ер ва сув ресурсларининг сифатига таъсир қилувчи об-ҳаво шароити ўз кучини кўрсатаётган вақтда кутилган ҳосилни олиш жуда қийин масала.

Масалан, ўтган қишни олиб қарайлик. Бир томондан, совуқ ҳарорат заиф экинларга, жумладан, узумзорлар ва ёнғоқ дарахтларига зарба берди. Бошқа томондан, мамлакатда ғалла ва пахтадан яхши ҳосил олинди. Кўп йиллардан бери биринчи бор биз очиқ майдонда етиштирилган помидор ҳосили жуда яхши бўлганини кўрдик.

Иқлим ўзгариши билан боғлиқ яна бир муаммо бу ернинг деградацияси, яъни қурғоқчилик, ердаги туз концентрациясининг ортиши ва сув ресурсларининг камайиши ҳисобланади. Дунёда ҳам, Ўзбекистонда ҳам фермерлар иқлимни башорат қилишга ҳаракат қилмоқда.

Биз конференцияда бу масалаларнинг барчасини кўриб чиқамиз ва муаммоларни ҳал қилиш йўлларини муҳокама қиламиз. Ўзбекистон бир жойда қотиб турмайди. Биз иқлим ўзгаришига чидамлироқ экинларни синовдан ўтказмоқдамиз.

азиз воитов, интервью, иқлим ўзгариши, мулк ҳуқуқи, озиқ-овқат хавфсизлиги, самарқанд, қишлоқ хўжалиги вазири

— Коронавирус пандемияси Ўзбекистондаги озиқ-овқат хавфсизлигига қандай таъсир қилди?

— Пандемия нафақат қишлоқ хўжалигига, балки ишлаб чиқариш занжирига ҳам таъсир кўрсатди. Гап маҳсулотларни етиштириш ва сақлаш, товар етказиб бериш ва бошқа омиллар ҳақида бормоқда. Ўзбекистонда муаммоларни аниқлаб, уларни жойида ҳал қилувчи ишчи гуруҳлар тузилди. Занжирдаги зарар кўрган иштирокчиларга имтиёз ва маблағлар ажратилди.

— Очлик, тўйиб овқатланмаслик масалалари бўйича мамлакатда аҳвол қандай? Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги ва етишмовчилиги муаммоси етарлича тадқиқ қилинганми?

— Президент яқинда ўтказилган йиғилишда ҳам айнан шу масалани кўтарди, яъни озиқ-овқат балансини жорий қилиш, қайта тиклаш ва доимий мониторинг қилиб бориш масаласини.

Биз ҳар бир ҳудуд бўйича, ойма-ой бу масалани мониторинг қиламиз. Ҳар бир ҳудудда қайси маҳсулот етиштирилиши, қайси маҳсулотда камомад борлиги, қайси бирида истеъмолдан ортиқча қисми борлиги ва тадбиркорлар бошқа ҳудудлар билан савдо қилиб, буни қай даражада баланслаштираётгани бўйича ишлар амалга ошириляпти.

Ўзбекистонда очлик унчалик чуқур муаммо эмас. Мамлакат ўзига керакли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва етиштириш қобилятига эга ва етиштиряпти ҳам.

Ҳозир озиқ-овқат масаласи кўтарилаётганининг сабаби, юқорида таъкидлаганимдек, мавжуд хавф-хатарларга эътибор қаратиш, шундай қилмасак, бу келажакда бизга муаммо туғдириши мумкин. Худога шукур, аҳолимиз сони ошиб боряпти. Айни вақтда эса ер майдони кенгаймайдиган нарса, сув ресурслари камайиб бормоқда, иқлим ўзгармоқда. Бу масалаларнинг барчаси озиқ-овқат хавфсизлигига тўғридан-тўғри таъсир қилади. Шунинг учун ҳам биз бу масалани кўтариб, биргаликда унинг ечимини топишга ҳаракат қиляпмиз.

— Конференцияда сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларини тўғридан-тўғри етказиб бериш учун мамлакатлар ўртасида «яшил» ва экспресс йўлаклар очилиши айтилди. Бу «яшил» ва экспресс коридорлар қандай бўлади?

— «Яшил» йўлаклар биз зарур маҳсулотларни тез сотиб олишимиз ва сотишимиз учун керак. Ўзбекистон ўз маҳсулотларини етиштиради, лекин ҳар бир экиннинг вегетация даври бор. Масалан, картошкани биз эрта баҳорда ва кеч кузда йиғиб оламиз. Баъзи бир даврда бизда маҳсулотнинг эҳтиёждан ортиши ёки танқислиги кузатилиши мумкин. Маҳсулот етказиб беришда мувозанатни сақлаш керак. Буни икки хил усулда амалга оширамиз. Биринчидан, биз товарларни сақлаш мумкин бўлган совиткич ва музлаткичлар қурамиз. Иккинчидан, импорт-экспортни амалга оширамиз.

Маҳсулот етказиб беришга бир қатор глобал омиллар таъсир қилади. Бу омилларга пандемиядан кейинги давр, геосиёсий муаммолар, Ўзбекистоннинг денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имконияти йўқлиги кабилар киради.

«Яшил» йўлакларни ишга тушириш учун қўшниларимиз билан янги йўналишлар қуряпмиз. Ҳамкор давлатлар билан умумий стандартлаштиришни ишлаб чиқяпмиз. Бу товарлар қўл режимисиз ташилиши, яъни очиб, қайта текширилмаслиги учун керак.

Стандартлаштириш товарларнинг айнимаслиги ва сифатли ҳолда етказилиши учун тўғри ва экологик йўналишларни ишлаб чиқишни ҳам ўз ичига олади. Параллель равишда божхона тартиб-таомиллари, фитосанитария, карантин хизматлари масалалари ҳам ҳал этилмоқда. Бу ҳаракатларнинг барчаси бюрократик жараёнларни камайтиришга қаратилган.

азиз воитов, интервью, иқлим ўзгариши, мулк ҳуқуқи, озиқ-овқат хавфсизлиги, самарқанд, қишлоқ хўжалиги вазири

— Сўнгги йилларда Ўзбекистонда озиқ-овқат товарлари билан боғлиқ савдо тўсиқларининг аксарияти олиб ташланди. Лекин ноозиқ-овқат товарлар бўйича тўсиқлар етарлича юқорилигича қолмоқда. Иқтисодчи сифатида ноозиқ-овқат товарлари савдосидаги тўсиқлар озиқ-овқат маҳсулотларига ҳам таъсир қилади, деб ҳисоблайсизми?

— Албатта, бу ерда гап қайси маҳсулотларга қўйилган божлар ҳақида кетаётганини кўришимиз керак. Оддий мисол, минерал ўғитлар, ёқилғи мойлаш ва бошқа шунга ўхшаган маҳсулотлар билвосита бўлса ҳам маҳсулот ишлаб чиқарувчи белгилаётган нархга таъсир қилади.

Бу ерда икки хил масала бор. Биз «олтин ўрталикни» топишимиз керак. Бир тарафдан, озиқ-овқат маҳсулотларига барча божларни олиб ташлаш жуда катта ижобий таъсирини кўрсатди. Бу нарса озиқ-овқат нархлари пасайишига, рақобат кучайишига туртки бўлди.

Иккинчи тарафдан, биз ўзимизнинг маҳсулот етиштирувчиларимиз рақобатбардошлигини таъминлаб беришимиз керак. Бугун таъкидлаб ўтганимиздек, мамлакатда меҳнатга лаёқатли аҳолининг 27 фоизи ушбу соҳада меҳнат қилади. Биз уларнинг рақобатбардошлигини таъминлаб бермасак, шунча одам ишсиз ёки даромадсиз қолиш эҳтимоли бор. Масаланинг бу томонини ҳам ўйлашимиз керак.

Шундан келиб чиқиб, биз маҳсулотларимизнинг таннархини тушириш устида ишлашимиз керак. Бу йил рақобат ошгани ва молиялаштириш механизмлари кўпайгани ўтган йилга нисбатан таннарх 10−15 фоиз пасайишига имкон берди.

— Қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш нима дегани? Бундай рақамлаштириш ва у олиб келадиган натижаларга мисоллар келтира оласизми?

— Рақамлаштириш қишлоқ хўжалиги учун жуда муҳим ҳисобланади. Айниқса, Ўзбекистон иқтисодиёти учун. Бу шаффофликни таъминлайди, харажатларни камайтиради ва турли хил манбалардан — таълимдан тортиб илмий манбаларгача фойдаланиш имкониятини оширади. Рақамлаштириш занжирдаги барча иштирокчиларга ушбу ресурслардан фойдаланиш имконини беради.

Қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш борасида катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Яқинда ушбу соҳани рақамлаштиришни жадаллаштириш бўйича президент фармони имзоланди.

Олдимизда муҳим вазифалар турибди. Биринчиси, бу биз уни ягона платформага ўтказган қишлоқ хўжалиги субсидиялари ҳисобланади. Эндиликда фермерлар ёки маҳаллий тадбиркорлар ҳокимликларни, вилоят ёки республика муассасаларини четлаб ўтиб, субсидия олишлари, бу субсидиялар қаерда эканини кўришлари ва субсидия бериш нима учун рад этилганини билиши мумкин. Бу коррупцияни камайтиришга ёрдам беради.

Кейингиси, президент ташаббуси билан деҳқон хўжаликларига ер ажратиш саналади. Икки йилда 600 мингдан ортиқ деҳқон хўжалигига 200 минг гектар ер ажратдик. Ҳаммаси E-ijara (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг автоматлаштирилган ахборот тизими — таҳр.) орқали амалга оширилди.

азиз воитов, интервью, иқлим ўзгариши, мулк ҳуқуқи, озиқ-овқат хавфсизлиги, самарқанд, қишлоқ хўжалиги вазири

Лекин, умуман олганда, биз фермер ҳам, тадбиркор ҳам бу хизматларнинг барчасини бир ердан олиши мумкин бўлган ягона экотизим, платформа яратмоқчимиз. Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги билан биргаликда Ўзбекистоннинг барча сув ресурсларини рақамлаштирамиз. Бунинг учун дронлар харид қиламиз. Тадбиркорлар ўз бизнесини янада яхши прогноз қилиши учун тупроқ тури, сифати, сув ҳақида маълумот олишлари мумкин бўлади. Ишимиз натижаларини бир неча ой ичида тақдим этишни режалаштиряпмиз.

Рақамлаштириш банкларимиз учун ҳам қулай. Нима учун банклар қишлоқ хўжалигини молиялаштирмайди? Мен сизга собиқ банкир сифатида жавоб бераман. Улар қўрқишади, чунки рисклар юқори. Улар бизнинг суғурта тизимимиз тўлиқ ривожланмагани учун ҳам шундай ҳаракат қилишади. Суғурта компаниялари эса иқлимни олдиндан башорат қилиб бўлмагани туфайли қишлоқ хўжалигини суғурта қилишдан қўрқади. Рақамлаштириш яхшироқ прогноз қилишга ёрдам беради, бу эса суғурталаш ҳамда банклардан молия жалб қилиш жараёнига ижобий таъсир қилади.

— Фермерларнинг ер ва мулкка эгалик ҳуқуқи юзасидан ҳолат озиқ-овқат хавфсизлиги масаласига қанчалик таъсир қиляпти? Ҳозирда фермерлар узоқ муддатли режалар қилиши, келажакка ишончи бўлиши лозим. Фермер ернинг тўлақонли эгаси бўлмаган шароитда буни қандай таъминлаш мумкин?

— Бу жуда ҳам муҳим савол. Бу бизнинг энг муаммоли саволимиз. Биз қишлоқ хўжалигидаги тадбиркорлар нима учун ерга узоқ муддатли инвестиция қилмаслигини таҳлил қилдик. Буни, масалан, кластерлар билан фермер хўжаликлари ёки деҳқонларнинг фарқида кўриш мумкин.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда кластерлар тизими ишлай бошлади. Улар томонидан қишлоқ хўжалиги техникалари олиб келиняпти, ерга инвестиция киритиляпти. Сувни тежовчи технологиялар ўрнатиш ва лазерли текислаш амалиёти ҳам шулар сирасига киради. Бошқа фермерлар орасида ҳам бу ишларни амалга ошираётганлар бор, лекин кам.

Биз буни таҳлил қилиб чиқдик. Сабаб айнан сиз айтгандек: ер эгалигига нисбатан ишончсизлик бўлиб чиқди. Яъни эртага ҳокимият ёки бошқа давлат органи келиб ер ижарасини тўхтатиб қўйиши мумкин. Шунинг учун ҳам президент қайта сайланганидан кейин мамлакатнинг стратегик ислоҳотлари бўйича нутқида бу ҳақда гапириб ўтди. Ерга эгалик масаласи биринчи марта кўтарилди.

Ерга бўлган эгалик ҳуқуқини кучайтириш бўйича биз барча мутасадди вазирлик ва идоралар, шунингдек, Стратегик тадқиқотлар агентлиги билан бирга ишлаяпмиз. Тўғри, ҳали ерни хусусийлаштиришгача етиб келмаган бўлишимиз мумкин, лекин ижарага бўлган ҳуқуқни кучайтириш, бу орқали эса ижара бозорини ташкил қилиш устида ишлаяпмиз.

Агар сизда ерга эгалик қилиш ҳуқуқи, унинг бир қисмини сотиш ёки бир қисмини ижарага бериш имкони бўлса, у сизнинг мулкингизга айланади. Ижара ҳуқуқини сотиш ҳам шундай нарса. Биз буни ер хусусийлаштирилмаган бошқа давлатлар мисолида кўрдик. Уларда хусусийлаштириш бўлмаса ҳам, бозор мавжуд.

Биз худди шуни Ўзбекистонда ташкил этиш бўйича биринчи қадамларни ташлаяпмиз. Президент топшириғи билан қонун лойиҳаси тайёрланяпти. Бу — узоқ вақт давом этадиган жараён. Лекин масала анча муҳокама қилинган.

Биз эртага мулк ҳуқуқини кучайтиридиган бўлсак, уни банкка гаровга қўйиш имконияти пайдо бўлади. Бу биз учун жуда катта янги молиялаштириш манбаси бўлади. Бир неча млрд долларлик молия бозори бизга очилади.

Шунингдек, эртага ерда ишлаётган одамда кредит олиш имконияти кўпаяди. Ер эгалигига бўлган ишонч ортиши туфайли фермер ерга инвестиция киритади, сув тежовчи технологиялар ўрнатади ва тупроқ унумдорлигини ошириш бўйича ишларни амалга оширади.

Бу нарса ҳозир ҳам бошланган. Сўнгги йилларда фермерлар ҳуқуқи бор эканини кўриб, унга пул тика бошлади. Лекин буни тезлаштириш ва кўпайтириш учун юқорида айтганингиздек, ерга бўлган мулк ҳуқуқини кучайтиришимиз керак.

Жаҳонгир Азимов ва Баҳодир Абдуллаев суҳбатлашди