Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари Шерзод Тўхтабоев бошчилигидаги ишчи гуруҳ «Зарафшон» миллий табиат боғида «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатларини аниқлади, деб хабар қилди Бош прокуратура матбуот хизмати.

Қонунда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ер участкалари юридик ва жисмоний шахсларга фақат хусусий буюртма қўриқхоналар ҳамда табиий питомниклар ташкил этиш учун ижарага берилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Аммо 2021−2022 йилларда боғ ҳудудидан 39,8 га ер майдонлари 57 нафар жисмоний ва юридик шахсга ижара битими ва шартномаларга асосан дам олиш маскани қуриш учун ажратиб берилган.

Оқибатда ижарачилар томонидан 8015 метр квадрат ер участкасидаги буталар ва ўсимлик дунёси нобуд қилиниб, ноқонуний равишда қурилиш ишлари амалга оширилишига йўл қўйилган. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун фуқароларга 115,6 га ер майдонлари ноқонуний бериб юборилган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.