Ўзбекистонда 2022 йилда ғалла учун 4 тлрн сўм (2017 йилга нисбатан 3 баробарга кўп), мева-сабзавотлар учун 1,1 трлн сўм миқдорда бюджетдан имтиёзли кредитлар ажратилди. Бу ҳақда Самарқандда бўлиб ўтаётган Озиқ-овқат хавфсизлигига бағишланган халқаро конференция доирасида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича 41 турдаги субсидия жорий этилган.

2022 йилда чорвачилик соҳасига 478 млрд сўм (2021 йилга нисбатан 8 баробар кўп), сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун 1,5 трлн сўм (2019 йилга нисбатан 9 баробар кўп), маҳаллий ва импорт қилинган техника учун 117 млрд (2020 йилга нисбатан 10 баробар кўп) субсидия ажратилди.

Шунингдек, Озиқ-овқат саноати корхоналари сони 2016 йилда 9,4 мингтадан 2022 йилда 22,5 мингтага (2,4 баробар кўп) саноатда банд бўлган ишчилар сони 85,2 мингдан 110,5 мингга етди (130 фоиз), маҳсулот ишлаб чиқариш 2 млрд доллардан 5,8 млрд долларга (2,9 баробар) ошгани таъкидланди.

Қайта ишлаш қувватлари мева-сабзавотда 3,1 млн тонна (2017 йилга нисбатан 147 фоиз), гўштда 427 минг тонна (133 фоиз), сутда 2,4 млн тонна (136 фоиз), ун ишлаб чиқаришда 6 млн тоннага (120 фоиз), ўсимликлик ёғида 1,8 млн тонна (121 фоиз)га етгани айтилди.

Агрологистика марказлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни ривожлантириш йўналишида қуйидаги лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган:

  1. 2023−2030 йилларда қиймати 5,3 трлн сўмлик 100 та агрологистика марказини ташкил этиб, уларнинг сонини 66 тадан 165 тага, қувватини 1 млн тоннадан 3,5 млн тоннага етказиш, натижада, 5 минг нафардан ортиқ доимий иш ўринлари яратиб, агрологистика марказларининг экспорт салоҳияти 42 млн доллардан 600 млн долларга (1 млн тонна мева-сабзавот) ошириш;
  2. Ташкил этиладиган агрологистика марказларини дунёнинг етакчи компанияларининг энг юқори технологик ускуналари билан жиҳозлаш, корхоналарда замонавий совутгичли камералар, саралаш, қадоқлаш, шок усулида музлатиш технологияларини йўлга қўйиш ва мева-сабзавотларни сублимация асосида қуритиш;
  3. Хусусан, 2025 йилгача Осиё тараққиёт банкининг 197 млн доллар маблағлари ҳисобидан Тошкент (110 млн доллар), Самарқанд (45 млн доллар) ва Андижон (32 млн доллар) вилоятларида қуввати 1,7 млн тонналик 3 та йирик замонавий агрологистика комлексларини ташкил этиш, комплексларда мева-сабзавотларни қайта ишлаш, саралаш, қадоқлаш, сақлаш, маҳсулотларни истеъмолчиларга ҳамда улгуржи бозорга етказиб бериш босқичларини тўлиқ қамраб олиш (натижада 4 минг нафар иш ўрни яратилиши ва 550 млн долларлик 1 млн тонна маҳсулотлар экспорти йўлга қўйилиши режалаштириляпти);
  4. Ҳудудларда қиймати 1,2 трлн сўмлик 570 та замонавий совуткичли омборхоналар барпо этиб, қувватни 1,2 млн тоннадан 1,7 млн тоннага (140 фоиз) етказиш;

Шунингдек, республика ҳудудларида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш ер участкалари ва самарасиз фойдаланилаётган давлат кўчмас мулк объектларини давлат-хусусий шериклик асосида хусусий секторга бериб, музлатгич ва маҳсулотларни сақлаш омборларини ташкил қилиш бўйича норматив ҳужжат қабул қилиниши кутилмоқда.