Тошкент халқаро аэропортида 8,5 тонна кўкнори гиёҳвандлик моддаси қўлга олинди, деб хабар бермоқда Божхона қўмитаси ахборот хизмати.

«Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комлекси «Авиаюклар» ташқи иқтисодий фаолият божхона постида ҳаво йўллари орқали республикага хориждан олиб келиниб, сўнгра юк автотранспорт воситаси орқали транзит тарзида олиб ўтилиши режалаштирилган 25 тонна оғирликдаги 1000 қоп қандолат кўкнориси уруғлари божхона кўригидан ўтказилган. Жараён қўмита ва ДХХ ҳамкорлигида олиб борилган.

Кўрик давомида ҳужжатларда қандолат кўкнориси деб кўрсатилган 25 тонна уруғ ва сомонлар таркибида ҳақиқий гиёҳвандлик воситаси ҳисобланган 8,5 тонна кўкнори сомони аниқланган.

Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган.

Одатда турли пишириқларга қўшиладиган ёки юзасига сепиладиган қандолат кўкнориси гарчи ўхшаш бўлса-да, анъанавий кўкнори гиёҳвандлик воситасидан тубдан фарқ қилади. Яъни ушбу маҳсулот кўкнори оиласига мансуб ўт ўсимликларнинг махсус тайёрланган ва қайта ишланган уруғлари ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, кўкнори сомони мамлакат ҳудудида муомаласи тақиқланган гиёҳвандлик моддаси ҳисобланади.

Битта ҳолатда 8,5 тонна гиёҳвандлик воситасининг фош қилиниши Ўзбекистон божхона хизмати органларининг сўнгги 30 йиллик тарихида илк бор қайд этилмоқда, дейилади хабарда.