2 сентябрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида рўй берган отишма оқибатида Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг ушбу шаҳардаги бош консулхонаси хабар берди.

Қайд этилишича, шу куни икки жиноий гуруҳ ўртасида қуролли отишма содир бўлган. Воқеа жойига яқин ерда меҳнат қилаётган 46 ёшли асли самарқандлик Н.З. ҳам оғир яраланган ва шифохонага олиб кетилган. Кўрсатилган тез тиббий ёрдамларга қарамасдан, у вафот этган.

Маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар жиноят содир этган шахсларни ушлаб, уларга нисбатан тергов ҳаракатларини бошлаган.

Ҳолат юзасидан бош консулхона фуқаронинг жасадини шаҳар аэропортидан Самарқанд вилоятига юбориш учун унинг яқинларига амалий ёрдам кўрсатди, дейилади хабарда.