Ўзбекистон ва Исроил ўртасида ҳаво қатновини амалга оширишда авиакомпаниялар сони бўйича чекловлар бекор қилинди, дея хабар бермоқда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Бу бўйича 6 сентябрь куни Тель-Авив шаҳрида ўтган Ўзбекистон ва Исроил авиация маъмуриятлари учрашувида баённома имзолади. Унга кўра, «Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Исроил давлати ҳукумати ўртасида тузилган ҳаво транспорти тўғрисида битим» (Тошкент, 1994 йил 4 июль, 1996 йилдан кучга кирган)га ўзгартириш киритилди.

Ҳужжатга Исроил транспорт ва йўл ҳаракати хавфсизлиги вазири Мири Регев ва Ўзбекистоннинг Исроилдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Феруза Махмудова имзо чекди. Унда икки давлат ўртасида ҳаво қатновини амалга ошириш учун авиаташувчилар сони ва йўналишлари бўйича белгиланган чекловлар олиб ташланиши назарда тутилган.

Авваллари юқорида кўрсатилган битимга мувофиқ, ҳар иккала аҳдлашувчи томондан авиакорхона тайинланган, ўша пайтда Ўзбекистон томонидан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси шундай корхона бўлган.

2022 йил март ойида Uzbekistan Airways Исроилга янги тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйди ва парвозлар частотасини ҳафтасига тўрт мартагача оширди.

Эндиликда бошқа ташувчи компанияларга ҳам парвозларни амалга оширишга рухсат этилмоқда. Жорий йилнинг май ойидан бошлаб «Қанот Шарқ» хусусий авиакомпанияси Ўзбекистон ва Исроил ўртасида — Самарқанддан Тель-Авивга авиақатнов йўлга қўйилгани ҳақида эълон қилинганди.

Ҳужжатнинг имзоланиши истиқболли йўналишларни очиш ва янги авиакомпанияларни жалб қилиш ҳамда ўзаро сайёҳлик оқимини оширишга ёрдам беради, дейилади «Дунё» хабарида.