Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги АГТКШ 5 млрд 542 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланди, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

«Ўзенергоинспекция», «Ҳудудгазтаъминот» ва Бош прокуратура ходимлари ўтказган назорат тадбирларида Олтиариқ туманида жойлашган «Н.И.Б» МЧЖга қарашли 46-сонли «заправка»да газ сарфини ўлчаш комплексига ўрнатилган торайтирувчи қурилманинг кириш-чиқиш қисмидаги газ жўмракларига давлатлараро стандарт талаблари (ГОСТ 8.586−2005)га зид равишда «прокладка» ўрнатилганлиги маълум бўлди.

Ноқонуний ҳолат оқибатида давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори 5 млрд 542 млн сўмни ташкил этган. Ушбу ҳажмдаги табиий газ 27 минг 700 та хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг.

Аниқланган ҳолат юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинди.

Маълумот учун, 2023 йилнинг саккиз ой давомида Ўзбекистонда 390,18 млрд сўмлик табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш бўйича 6305 та ҳолат аниқланган. Энг кўп ҳолатлар Андижон, Самарқанд, Навоий ва Тошкент вилоятларида қайд этилган.