2023 йилнинг январь-август ойларида «Ўзэнергоинспекция» томонидан ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда газ ва электр таъминоти корхоналари билан ҳамкорликда табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш бўйича 6305 та ҳолат аниқланган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Жами 286,29 миллиард сўмлик 308,84 миллион куб метрдан ортиқ газ ва 103,89 миллиард сўмлик 197,62 миллион кВт/соатдан ортиқ электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Шу тариқа, давлатга етказилган жами зарар 390,18 миллиард сўмни ташкил этган.

Газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари энг кўп Андижон, Самарқанд, Навоий ва Тошкент вилоятларида кузатилган.

Шунингдек, Тошкент марказий назорат-кимё лабораторияси томонидан нефть маҳсулотлари бўйича олиб борилган сифат назорати тадбирларида хусусий автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида 200 та ҳолатда 5 млн 225 минг литр нефть маҳсулотларининг сифатсизлиги аниқланган.

Ҳисоботда, шунингдек, инспекциянинг саъй-ҳаракатлари билан йил охиригача 6,78 миллион кВт/соат электр энергияси тежалиши қайд этилган.

Йил бошидан буён 7 минг 700 га яқин объектни электр энергияси билан таъминлаш лойиҳалари экспертизадан ўтказилди, 5 минг 890 истеъмолчининг умумий қуввати 844,8 МВт бўлган электр иншоотлари тармоққа уланди.

Инспекция томонидан истеъмолчиларга давлат хизматларини кўрсатиш бўйича жами 7 минг 700 га яқин объектларнинг электр таъминоти лойиҳалари экспертизадан ўтказилиб, 5 минг 589 та истеъмолчининг умумий қуввати 844,8 мегаватт бўлган электр қурилмалари электр тармоқларига уланди.

Шунингдек, ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига тегишли 2 минг 352 та объектнинг электр таъминоти лойиҳалари келишилди.

Хавфи юқори бўлган объектларни ва потенциал хавфли ишлаб чиқаришларни лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича фаолиятини лицензиялаш юзасидан 246 та хулоса берилди.

50 кВт ва ундан юқори бўлган истеъмолчиларнинг энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиши юзасидан 17 мингдан зиёд кўрсатма берилди.