6 сентябрь куни Минск шаҳрида Ўзбекистон ва Беларусь бизнес доиралари ва тадбиркор аёлларининг биринчи бизнес форуми бўлиб ўтди. Бу Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаеванинг расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда парламент юқори палатаси матбуот хизмати.

«Тадбиркорликдаги аёллар — Беларусь ва Ўзбекистон ўртасидаги ишбилармонлик ҳамкорлигини ривожлантириш салоҳияти» мавзусидаги ялпи мажлисда Танзила Нарбаева ва Беларусь Миллий мажлиси республика кенгаши раиси Наталья Кочанова сўзга чиқди.

Форумда енгил саноат, кийим-кечак, пойабзал, мўйна ва чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда IT соҳасида алоқаларни ривожлантириш, хотин-қизларни рақамли иқтисодиётга жалб этиш ва бу борадаги саводхонлиги ва малакасини ошириш бўйича тажриба алмашиш кераклиги таъкидланди.

беларусь, танзила нарбаева

Форум дастури саноат кооперацияси, енгил саноат, агросаноат комплекси, тиббиёт ва фармацевтика, фан ва таълим, маданият ва туризм каби йўналишларда олтита мавзули муҳокамани ўз ичига олди.

Форум сўнгида якуний декларация қабул қилинди. Унда савдо-иқтисодий, инвестиция, илмий-техникавий, ижтимоий-маданий, таълим, гуманитар, туризм ва ўзаро манфаатли бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари акс этди.

Икки мамлакат тадбиркор аёллари ўртасида B2B форматида ўтказилган учрашувлар натижасида 92 млн доллардан ортиқ миқдорда 42 та шартнома ва 17 та меморандум имзоланди, дейилади хабарда.

Мазкур мулоқот форматини давом эттириш ва навбатдаги аёллар бизнес форумини Ўзбекистонда ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Форум доирасида Ўзбекистон ва Беларуснинг озиқ-овқат, тўқимачилик, тиббиёт, таълим ва туризм соҳаларида маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи 40 га яқин маҳаллий корхоналар маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.

беларусь, танзила нарбаева

Минскда Танзила Нарбаева Беларусь президенти Александр Лукашенко, бош вазир Роман Головченко, республика кенгаши раиси Наталья Кочанова, Вакиллар палатаси раиси Владимир Андрейченко ва бошқа расмий шахслар билан музокаралар ўтказди.

2022 йилда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 500 миллион доллардан ошди. 2023 йил бошидан буён бу кўрсаткич 37 фоизга ўсиб, 346 миллион долларни ташкил этди. Томонлар бу ҳажмни 1 миллиард долларга етказиш ниятида.