Ўзбекистонда камида 65 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган «Dok-1 Maks» сиропини давлат рўйхатидан ўтказишда лаборатория текширувидан умуман ўтмагани маълум қилинди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 6 сентябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги суд мажлисида айбланувчилардан бири, «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази» ДУКда рўйхатдан ўтказиш бўлими бошлиғи сифатида ишлаган Г. С. (аёл киши) шу ҳақда сўз очди.

«Лаборатория синовлари ўтказилмаган, рўйхатдан ўтказиш бўлими ёки мен атайлаб, ёмон ниятда ёки ўлим ҳолатига олиб келишини билиб туриб, бу нарсани қилмаганмиз. Амалиёт бўлгани учун қисман айбимга иқрорман. Шу сабаб ҳам мана шу ерда (қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган) тўққиз ойдан бери ўтирибман», — дея судланувчининг сўзларидан Daryo.uz иқтибос келтирмоқда.

Судланувчи марказда 12 йилдан бери фаолият юргани, шу давр мобайнида бирор марта ҳам рўйхатдан ўтган дорига лаборатория синовлари ўтказилганини эслай олмаслигини айтди.

«Биз лаборатория синовларини ўтказмаганмиз. Биздаги амалиётда бу ҳолат умуман кузатилмаган. Мана шу хатойимизни ҳеч ким бизга айтмаган. Улар бизга экспертиза учун бердинг, менга ҳам намуна тақдим эт дейишлари мумкин эдику. Қўмита синов баённомаси бўлиши учун лабораторияга айтиб, кейин бизга ҳам айтса бўлар эдику. Бизда амалиёт шунақа бўлган. Адлия вазирлигидан, агентликдан текширувлар келиб-кетган. Ҳеч қачон ҳеч ким бу ҳолатга эътироз қилмаган. Бу ҳақда тергов жараёнлари бошлангач, билдик, ҳамма шунда билди», — деди айбланувчи аёл.