5 сентябрь куни Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари Мирзо Улуғбек туманида подъездга кириб кетаётган қизга ҳужум қилган эркакни қўлга олди.

Гумонланувчи 29 ёшли А.Й. бўлиб, бу ҳақда «Газета.uz»га ИИББ матбуот котиби Нилуфар Исохонова маълум қилди.

5 сентябрда зўравонликка қарши курашувчи Nemolchi.uz лойиҳаси ташқи кузатув камерасида номаълум шахснинг қизни подъездгача қандай кузатиб боргани ва бироздан кейин у ердан югуриб чиқиб кетгани тасвирланган видеолавҳани эълон қилганди.

Лойиҳага кўра, йигит унга орқадан ҳужум қилган. Уни ерга йиқитиб, интим аъзоларига тегина бошлаган. Қиз даҳшатга тушиб, қичқирган, қўшнилар эса югуриб чиққан. Йигит эса қўрқиб, жиноят жойидан қочиб кетган. Камералардаги ёзувларни аҳоли ҳуқуқ-тартибот идораларига тақдим этган.

Ҳозирда ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда, дейилади ИИББ хабарида.