Тошкентнинг Олмазор туманидаги яшил ҳудудда 19 туп дарахтга зарар етди, дея хабар берди 30 август куни экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев.

У эълон қилган хабарга кўра, тадбиркор бу ерда қурилиш ишларини амалга оширишни режалаштирган, бироқ маҳаллий аҳоли ва экологлар дарахтларни кесишга қарши чиққан.

Дарахтларни илдиз қисмидан кесишнинг иложи бўлмагач, уларни қуритиш мақсадида дрель билан тешиклар ҳосил қилиниб, ичига суюқлик қуйилган.

Шикастланган дарахтлар орасида шумтол, акация, чинор, арча ва айлант бор. Табиатга етказилган зарар миқдори 534,8 миллион сўмни ташкил этган.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 198-модда 3-қисми (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни қасддан шикастлантириш, пайҳон қилиш, нобуд қилиш кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.