5 сентябрь куни ҳукуматнинг «Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд айрим тоифаларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бандлигига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳужжатга кўра, 1 октябрдан жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга бир марталик субсидия ажратилади. У ҳар бир шахс учун 3 ойдан ортиқ муддатда меҳнат фаолиятини давом эттиргандан сўнг БҲМнинг 3 баравари (990 минг сўм) миқдорида берилади.

Бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав (фонди) капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно.

Шунингдек, мазкур санадан қуйидагилар йўлга кўйилади:

  • «Ишга марҳамат» мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларида жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш;
  • жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ташкилотлардаги мавжуд бўш (вакант) ҳамда захирага қўйиладиган иш ўринларига ишга жойлаштириш тизими.

Иш берувчилар субсидия олиш учун туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимларига ёзма равишда ёки my.gov.uz орқали мурожаат қилади.

Бундан ташқари, 2025 йил 1 январгача тадбиркорларга жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларнинг назоратда бўлган (пробация) даврида меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини қайтариб бериш тизими жорий этилади.