Ўзбекистонда 2023 йил 1 декабргача барча кўп квартирали уйлардаги мавжуд лифтлар хатловдан ўтказиш ва аниқланган камчиликлар бартараф этиш таклиф этилмоқда. Бу Вазирлар Маҳкамасининг «Саноат электротехника маҳсулотларидан фойдаланишда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ушбу маҳсулотлар устидан сифат назоратини кучайтириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳасида кўзда тутилган.

Қарор билан давлат стандартлари ва сифат талабларига мос келмайдиган саноат электротехника маҳсулотларини импорт қилишни тартибга солиш, аҳолининг кўп квартирали уйларда яшаши учун қулай ва хавфсиз шарт-шароитлар яратиш, лифтларнинг техник ҳолатини тубдан яхшилаш, авария ҳолатларининг олдини олиш ва аҳолига сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсад қилинган.

Қарор лойиҳасига кўра, 2023 йил 1 декабрдан бошлаб:

  • импорт қилинадиган лифт, эскалатор, траволатор, саноат ҳаво совитиш тизимлари ва саноат иситиш қозонларини мувофиқлик сертификатисиз «эркин муомалага чиқариш» божхона режимига расмийлаштириш тақиқланади;
  • кўп квартирали уйлар, шунингдек, лифт ўрнатилиши назарда тутиладиган барча объектлардаги лифтларни фойдаланишга қабул қилишдан олдин уларни мажбурий тартибда диспетчерлик хизматига улаш талаб этилади.

2024 йил 1 январдан бошлаб Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қурилиш (реконструкция) объектларини лойиҳалаштиришда устувор равишда республикада ишлаб чиқариладиган лифт, эскалатор, траволатор, саноат ҳаво совитиш тизимлари ва саноат иситиш қозонлари қўлланилиши талаб этилади.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги:

  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2024 йил 1 январга қадар республиканинг барча ҳудудларида кўп квартирали уйларни бошқариш органлари ҳузурида лифтларни мониторинг қилиш бўйича диспетчерлик хизматлари кўрсатилишини ташкил этсин ва доимий фаолият юритишини таъминлайди;
  • Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда кўп квартирали уйлар, шунингдек, лифт ўрнатилиши назарда тутиладиган барча объектлардаги лифтларни фойдаланишга қабул қилишдан олдин уларни мажбурий тартибда диспетчерлик хизматига улаш бўйича талаблар бажарилиши юзасидан доимий назорат ўрнатади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси билан биргаликда 2023 йил 1 декабрга қадар барча кўп квартирали уйлардаги мавжуд лифтларни хатловдан ўтказсин ҳамда аниқланган камчиликлар бартараф этилишини таъминлайди.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги хатлов якунлари бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан 2023 йил 10 декабрга қадар Вазирлар Маҳкамасига умумлаштирилган ҳисобот киритади.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда республикадаги барча тоифадаги лифт ва эскалаторларни ҳар йили камида бир маротаба мажбурий техник кўрикдан ўтказади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги, «Ўзбектелеком» АК билан биргаликда биноларга ўрнатилган ва келгусида ўрнатиладиган барча лифт ускуналарини мониторинг қилиш ва замонавий диспетчерлик хизматини кўрсатиш учун лифт ускуналарининг зарур коммуникация тармоғи билан жиҳозланишини таъминланади.

«Ўзбектелеком» АКга лифт ускуналарини интернет жаҳон ахборот тармоғига имтиёзли нархларда улашни ташкил этиш тавсия этилади.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги:

  • Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2024 йил 1 январга қадар лифт ускуналарининг техник ҳолатини мониторинг қилиш, авария ҳолатларини реал вақт режимида қайд этувчи замонавий электрон дастур ҳамда кўп квартирали уйларда эксплуатация қилинаётган лифтларнинг реестри жорий этилишини таъминлайди;
  • Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг лифтларга хизмат кўрсатувчи ходимларининг малакасини сертификатлаштириш тартибини жорий қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади;
  • Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда лифт ва эскалаторларга хизмат кўрсатувчи ходимларнинг малакаси ва амалий кўникмаларини оширишга қаратилган махсус ўқув курсларини ташкил этади;
  • Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб лифт, эскалатор ва тровалаторларга хизмат кўрсатиш бўйича мутахассисларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, профессионал таълим муассасаларида ушбу соҳа мутахассисларини тайёрлашни ташкил этади.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда лифт ва эскалаторлардан фойдаланишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар сабабларини таҳлил қилган ҳолда, келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўради.