Қўқон шаҳрида туғилган 25 ёшли йигит жанжал оқибатида тенгдоши томонидан пичоқлаб ўлдирилгани ҳақида хабар берилганди.

21 июнь куни соат 22:40 да Қўқон шаҳри шошилинч ёрдам кўрсатиш марказига 1998 йилда Қўқон шаҳрида туғилган О.З. ўнг кўкрак қафаси олди томони тешиб ўтувчи санчилган-кесилган жароҳатлари билан вафот этган ҳолда олиб келинган.

Маълум бўлишича, соат 21:00 атрофида О.З. ўртоқлари билан Данғара туманидаги «Марокаш» номли чойхонада ўтирган вақтида 1998 йилда Қўқон шаҳрида туғилган Ж.У.га бир нечта ўртоқлари билан чойхонага келган. Фуқаро О.З.ни ўзлари турган жойга чақириб, жанжаллашиб, ёнида бўлган ўткир тиғли жисм (пичоқ) билан О.З.нинг ўнг кўкрак қафасига уриб, жароҳати етказган. Оқибатда О.З. жароҳат олиб, ҳодиса жойида вафот этган.

Ҳолат юзасидан Данғара туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-модда 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, Ж.У.га нисбатан қидирув эълон қилинган эди.

Вилоят ИИБнинг 6 сентябрда хабар беришича, ДХХ хизмати ходимлари билан ўтказилган тезкор тадбирда Ж.У. қўлга олиниб, унга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.