21 июнь куни Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида 25 ёшли йигит жанжал сабабли тенгдошини ўлдирди, деб хабар бермоқда Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби.

Шу куни соат 22:40 да Қўқон шаҳри шошилинч ёрдам кўрсатиш марказига 1998 йилда Қўқон шаҳрида туғилган О.З. ўнг кўкрак қафаси олди томони тешиб ўтувчи санчилган-кесилган жароҳатлари билан вафот этган ҳолда олиб келинган.

Маълум бўлишича, соат 21:00 атрофида О.З. ўртоқлари билан Данғара туманидаги «Марокаш» номли чойхонада ўтирган вақтида 1998 йилда Қўқон шаҳрида туғилган Жўраев Улуғбек Авазжон ўғли бир нечта ўртоқлари билан чойхонага келган. Фуқаро О.З.ни ўзлари турган жойга чақириб, жанжаллашиб, ёнида бўлган ўткир тиғли жисм (пичоқ) билан О.З.нинг ўнг кўкрак қафасига уриб, жароҳати етказган. Оқибатда О.З. жароҳат олиб, ҳодиса жойида вафот этган.

Ҳолат юзасидан Данғара тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда гумондорни қидириб топиш чоралари кўрилмоқда.

«Сиз Жўраев Улуғбек Авазбек ўғли ҳақида бирор-бир маълумотга эга ёки унинг ноқонуний ҳаракатларидан жабр кўриб, тазйиқига учраган бўлсангиз, дарҳол яқин орадаги ички ишлар органларига ёки 102 қисқа рақамига мурожаат қилишингиз сўралади. Шахсингизни сир сақланиши кафолатланади», — дейилади бошқарма хабарида.