Қозоғистон мустақил равишда зирҳли машиналар, дрон ва ўқотар қуроллар ишлаб чиқариши керак. Бу ҳақда мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 5 сентябрь куни Олмаота вилоятида ўтказилган Батил тойтарис-2023″ машғулотларида маълум қилди.

«Яқинда қилган мурожаатимда мен маҳаллийлаштириш улуши юқори бўлган ишлаб чиқариш циклини яратишни устувор вазифа сифатида қўйдим. Зирҳли техника, учувчисиз учиш аппаратлари, замонавий ўқотар қуроллар — буларнинг барчасини биз ўзимизда ишлаб чиқаришимиз мумкин ва керак», — деди у.

Ҳарбий-саноат мажмуаси армиянинг «жанговар қобилияти учун ишончли пойдевор» бўлиши керак, деди Тоқаев.

Қозоғистон раҳбари, шунингдек, бугунги кунда жаҳон мудофаа тизимида «кенг кўламли ўзгаришлар рўй бераётгани» ва «урушнинг гибрид турлари кўпроқ ўтказилаётганини» таъкидлади.

«Ҳужумлар нафақат ҳарбий, балки ахборот, психологик, сиёсий, иқтисодий ва бошқа кўринишда бўлиши мумкин. Шунинг учун Қозоғистон Қуролли кучлари ҳар қандай чақириқларга тайёр туриши керак. Бу замонавий профессионал армияга қўйиладиган асосий талаб», — деди Тоқаев.

Қосим-Жомарт Тоқаев сентябрь бошида халққа мурожаатида Қозоғистон ҳудудида ҳарбий техника ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш зарурлиги ҳақида ҳам гапирганди. Унинг таъкидлашича, Қозоғистон қурол-яроғ импортига қарам, аммо мамлакатда моддий-техник база ва кадрлар мавжуд. Саноатни қўллаб-қувватлаш мақсадида Мудофаа-саноат комплексини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.