2023 йилнинг август ойи ҳарорат тартиби бўйича ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлди, дея хабар бермоқда Ўзгидромет хизмати агентлиги.

Ой иссиқ ҳаво билан бошланди. Август ойининг бошида ҳаво +39…+41 даражагача исиди, чўл ҳудудларда ва энг чекка жанубда баъзи жойларда +43 даражагача бўлди. Сўнг ойнинг охиригача ҳарорат пасайиши ва кўтарилиши даврлари бир-бири билан ўрин алмашиб турди, лекин ҳаво ҳарорати +40 даражага етмади.

Август охирида Ўзбекистон бўйича кундузги ҳарорат +23…+26 даражагача, жанубда +30 даражагача пасайиши кузатилди.

Республиканинг барча ҳудудлари бўйича августда максимал ҳарорат энг иссиқ йилларда август ойида кузатилган максимал ҳароратдан паст бўлди. Бу фарқ, айниқса, Ўзбекистоннинг энг иссиқ ҳудудларида: Оролбўйи минтақаларида, республиканинг чўл ҳудудларида ва энг чекка жанубда сезиларли бўлди.

Ушбу ҳудудларда мутлақ максимал ҳаво ҳарорат +44…+47 даража бўлса, жорий йилнинг август ойида максимал ҳарорат +40…+41 даражадан ошмади ва фақат энг чекка жанубда +43 даражага етди.

Иқлим маълумотларига кўра, август — йилнинг энг қурғоқчил ойи ҳисобланади. Ёмғир кўпинча тоғ олди ва тоғли ҳудудларда кузатилади. Республиканинг текислик ҳудудлари бўйича ёмғир ҳар йили ёғмайди ва улар маҳаллий хусусиятга эга бўлади.

«Бу йилнинг август ойи ёмғирлар ёғиши тавсифи бўйича жуда ғайритабиий бўлди. Ойнинг катта қисми қуруқ бўлди. Аммо сўнгги беш кунликда республика бўйича деярли барча ҳудудларда ёмғир ёғди, бу кузнинг биринчи хабарчилари бўлди», — дейилади хабарда.

Айрим ҳудудларда бир кеча-кундуз учун ёғингарчилик миқдори август ойининг ойлик меъёридан бир неча марта кўп бўлди. 8 августда Тошкент вилоятининг баланд тоғларида (Ойгаинг об-ҳаво станцияси ҳудудида) ойлик меъёр 22 мм бўлганда — 56 мм, Сариосиёда ойлик меъёр 0,4 мм бўлганда 35 мм, 28 августда Қўқон ҳудудида ойлик меъёр 5 мм бўлганда — 20 дақиқада 35 мм ёғингарчилик кузатилди.

Тошкентда ойлик меъёр 2 мм бўлганда 27 августда — 8 мм, 31 августда эса 6 мм ёмғир ёғди. Сирдарё, Андижон, Фарғона вилоятларида баъзи жойларда, Тошкент вилоятининг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида ойлик ёғингарчилик миқдори бутун кузатувлар тарихида рекорд бўлди.