Бухоро вилояти Ғиждувон тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан 4 туп манзарали дарахт қўпориб ташлангани аниқланди, дея хабар бермоқда Экология вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳолат юзасидан корхона директори Э.Ф.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик кодексининг 79-моддаси (Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) 2-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Дарахтлар қўпорилиши оқибатида табиатга 50 млн 325 минг сўм зарар етказилган. Фуқарога қўшимча жазо тариқасида кесилган дарахтлар ўрнига жами 400 туп дарахт экиш ва уни парваришлаш мажбурияти юкланган.

Тегишли ҳужжатлар ҳуқуқбузарга чора кўриш учун суд органларига юборилган.

Аввалроқ Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида автомобиль йўлини кенгайтириш мақсадида 67 туп дарахт ноқонуний кесилганди. Туман ҳокимлиги масъули уларни кесишга рухсат сўраган, аммо экология бўлими бунга рухсат бермаган. Бу ҳаракат орқали ўсимлик дунёсига салкам 300 млн сўм зарар етган.