«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати қошидаги «Шаҳарсозлик тўлқини» ташаббуси Ўзбекистоннинг ёш архитекторлари мустақил уюшмасига айлантирилди, дея хабар бермоқда ҳаракат матбуот хизмати.

«Юксалиш» ҳаракати қошида маҳаллий архитекторлар ва лойиҳаловчиларнинг норасмий уюшмаси (сайт) 2021 йил апрель ойида ташкил этилган.

Ассоциация фаолияти Ўзбекистонда шаҳарсозликни ривожлантиришга қизиқувчи юридик шахслар ва экспертларни бирлаштириш, уларнинг касбий манфаатларини ифодалаш, шаҳарсозлик саноати кадрларининг салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган.

Уюшма архитектуравий лойиҳалаш бозорини ўрганиш, унинг иштирокчилари ҳақидаги маълумотларни тизимлаштириш ва ривожланишига кўмаклашиш, архитектура соҳаси мутахассисларининг бандлигини таъминлаш, профессионал мулоқот ташкил қилиш ва тажриба алмашишни мақсад қилган.

«Шаҳарсозлик тўлқини» ўтган даврда қатор тадбирлар, жумладан, «Shaharsoz 2022» мукофоти, Тошкент шаҳридаги Ал-Хоразмий майдонини реконструкция қилиш бўйича танлов, реконструкцияни бевосита амалга ошириш, шунингдек, бир қатор семинарлар ўтказган.