Қирғизистонда илк бор миллий паспортларни босиб чиқариш йўлга қўйилди. Бу ҳақда мамлакат президенти матбуот котиби Эрбол Султанбаев маълум қилди.

Президент администрацияси ҳузуридаги «Учқун» давлат босмахонаси учун энг замонавий ускуналар харид қилинди. Энди эса мамлакат тарихида биринчи марта ўзимиз миллий ҳужжатларимизни чоп эта бошладик", — деб ёзади у.

Султанбаевнинг сўзларига кўра, аввалроқ Қирғизистон фуқароларининг паспортлари хорижда чоп этилган ва бу «айрим ноинсоф амалдорлар ва ҳатто жиноят олами етакчилари учун катта майдон бўлган».

«Паспорт мафиясига қарши курашиш учун бир йил керак бўлди… Энди паспорт мафияси йўқ қилинди. Агар шу кунгача ишлаб чиқариш хорижда олиб борилган бўлса, эндиликда паспортлар мамлакатимиз ҳудудида чоп этилади. Шундай қилиб, биз давлат ва халқ пулларини 3 бараварга тежашга муваффақ бўлдик», — деди у.

Султанбаевнинг таъкидлашича, паспортлар хавфсизлик тизимидан фойдаланган ҳолда «энг янги технологиялар» ёрдамида ишлаб чиқарилади.

Қирғизистон раҳбари матбуот котибининг таъкидлашича, мамлакат ҳар йили чет элдан бир ярим миллионгача ID карта ва фуқаролик паспорти буюртма қилган. Шунингдек, у Қирғизистон келаси йилдан ўз миллий валютасини босиб чиқаришни бошлаши мумкинлигини қўшимча қилди.

Kaktus.media хабарига кўра, қирғизистонликларнинг паспортлари учун бланкалар Литванинг Garsu Pasaulis компанияси томонидан чоп этилган, миллий валюта эса Британия ва Франция корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган.